2018-03-30 14:40:00

СЕНАТДА ОИЛАВИЙ МАРОСИМЛАР БИЛАН БОҒЛИҚ ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИНДИМИ?

Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар - оилавий тадбирларни такомиллаштириш масаласи барчанинг диққат-эътиборида турибди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев бу борада тегишли қарор қабул қилиш вазифасини қўйган эди.

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Мазкур лойиҳа жамоатчилик муҳокамасига қўйилгач, аҳоли томонидан кўплаб фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Айниқса, ижтимоий тармоқларда 1,6 миллион фойдаланувчи томонидан ўқилган. Кўплаб фикр-мулоҳазалар баён этилган.

Оилавий маросимларни ихчамлашлаштириш, маъно ва мазмунини қадриятларимизга мослаштиришга оид ғояни кўпчилик қўллаб-қувватлаётган бўлса-да, бу борада турли баҳс-мунозалар ҳамон давом этмоқда.

Шу боис ушбу масала юзасидан маъруза қилган Сенатнинг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Гавҳар Алимова Сенат қарорини янада такомиллаштириш, бу борада Республика комиссиясини тузишга оид қўмита таклифини билдирди.

Сенатор ўз чиқишида Тошкент шаҳрида йилига 18-19 минг никоҳ қайд этилиши, лекин уларнинг 20-25 фоизи тўйлардаги ортиқча дабдабалар оқибатида ажримлар билан тугаётгани ачинарли ҳол экани, бу ушбу тизимда туб ислоҳотларга эҳтиёж туғилаётганини айтиб ўтди.

Оилавий маросимлар билан боғлиқ ишлаб чиқилган Сенат қарори лойиҳасини такомиллаштиришда тегишли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари фаол иштирок этиши, ҳар бир юртдошимизнинг ушбу масала юзасидан фикрларини эшитиш зарур. Майда-чуйда, бачка одатларни таг-томири билан йўқотишда барча иштирок этиши, бу борада халқимизнинг ўзи ташаббускор бўлиши керак.

Норгул АБДУРАИМОВА, ЎзА