2018-03-30 15:00:00

ҲУНАРМАНДЛАР СОЛИҚДАН ОЗОД ЭТИЛГАНИ ҚЎЛ КЕЛМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони халқ усталарининг бой тажрибаси, асрлар давомида халқимиз ақлу тафаккури, орзу-интилишлари, ўй-фикрларини ўзида жамлаган миллий ҳунармандчилигимиз ривожланишини янги босқичга кўтарди.

Фармонга биноан, 2017 йилнинг 1 декабридан бошлаб ҳунармандлар ўз маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотишда қатъий белгиланган солиқдан озод этилгани, уларнинг сафини кундан-кунга орттирмоқда.

Ёрқин мисол, Фармон қабул қилинган вақтда Андижон вилоятида 901 нафар ҳунарманд фаолият юритган бўлса, бугунга келиб, улар сони 1732 нафарга етди.

Қадимий анъаналарни ўзида мужассамлаштирган бетакрор амалий санъат турлари – кулолчилик, ёғоч ўймакорлиги, миллий чолғу асбобларини ясаш энг ноёб ҳунармандчиликлар сирасига киради. Ушбу санъат турларини яратиш учун устадан нозик дид, жуда катта маҳорат талаб этилади. Табиийки, бу каби ўта мураккаб ҳунарларнинг усталари саноқли. Аксарияти катта ёшдаги ҳунармандлар. Яъни, пенсия ёшидагилардир. Фармон билан ёшга доир пенсия ва нафақа олувчи ҳунармандлар Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадали тўловидан озод этилди.   

 

– Юртимизда яратилган қулай шарт-шароитлардан ҳамма баҳраманд. Айниқcа, ҳунармандларнинг қувончи чексиз, – дейди “Ташаббус-2014” республика кўрик-танловининг “Энг яхши ҳунарманд” номинацияси ғолиби Абдумалик Мадраимов. Чунки, солиқдан жуда катта имтиёзлар  тақдим этилди. Яна,ўз маҳсулотларини экспорт қилишдан тушган хорижий валютани эркин тасарруф этиш, банкдан чет эл валютасини нақд ечиб олиш ҳуқуқи ҳам берилгани ҳунармандларнинг бор маҳоратларини намоён этишларига замин яратиши шубҳасиз. Негаки, қўлда юксак дид билан ясалган маҳсулотларимизга хорижликлар лол қолганининг бир неча бор гувоҳи бўлганман.

Дарҳақиқат, уста – Абдумалик Мадраимов қўлида сайқал топган мусиқа асбоблари Темурийлар тарихи давлат музейи ҳамда Буюк Британиядаги галереяда энг ноёб экспонатлар қаторидан ўрин олган.

Юртимизда тайёрланган ҳар қандай маҳсулот, жумладан, ҳунармандчилик асарлари ҳам ўзининг табиийлиги, бадиий жиҳатдан юксаклиги ҳамда миллийлигимизни ўзида акс эттиргани билан чет элликлар эътиборини қозонган. 32 турдаги миллий, 2 хил Европа ҳамда 3 турдаги қўшни давлатларнинг чолғу асбобларини ясаётган уста Абдумалик Мадраимов бу жиҳатга алоҳида аҳамият қаратади. Мусиқа асбобларнинг хом ашёси ўрик, ёнғоқ, заранг, тут, чинор дарахтларини камида 7 йил мобайнида салқинда қуритади. Ҳар бир мусиқа асбобининг дастасига ўрик, ёнғоқ дарахтини ишлатади. Устанинг айтишича, бу дарахтларнинг ёғочи силлиқ бўлиб, оҳангнинг майинлашишига хизмат қилиш билан бирга созанданинг соғлигига ҳам ҳеч қандай зарар келтирмас экан.

50 дан ортиқ шогирдни мустақил ҳаётга тайёрлаган Абдумалик Мадраимов ҳамон изланишда. Яқиндагина Қозоғистонинг бир неча шаҳарларида бўлиб, қўшни давлат аҳолисининг ўз ҳунари билан мафтун этиб, улардан буюртмалар ҳам олди. Уста энди уларнинг миллий чолғу асбоблари, миллий идишлари – дўмбира, қўбиз ҳамда ёғоч лаганини ясаб беради. Бундан ташқари, ўзимизнинг уй-рўзғорда ишлатадиган қадимий ёғоч қошиқларни ҳам тайёрлашни ният қилган.

Жорий йилда солиқдан тежалган маблағларни айнан шундай ускуналарни ишлаб чиқарувчи технологияларга йўналтирмоқчиман, дейди уста Абдумалик ака. – Бундай техникани бир неча йил аввал Хитойга қилган сафаримда кўргандим. Яна Россия ўрмонларида ўсадиган Ел дарахтини ҳам импорт қилишни режалаштириб турибман. 

Ҳунари ортидан дунё аҳлининг оғзига тушганлар вилоятда кўп. Айниқса, Андижон темирчилари ва Шаҳрихон пичоқчиларининг довруғи океан ортига ҳам етиб борган. Шунга кўра, Андижон шаҳрида, Шаҳрихон туманида ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари қурилиши режалаштирилган. Ушбу марказлар замонавий ахборот-коммуникация тармоқлари билан таъминланади. Бу эса, миллий ҳунармандчилик маҳсулотларига ошуфта хорижлик сайёҳлар оқимини янада оширишга хизмат қилади.

Албатта, Фармондан кўзда тутилган мақсад ҳам шу: ҳунармандчиликни янада ривожлантириш, у билан шуғулланувчи оилаларни қўллаб-қувватлаш, шу асосда янги иш ўринлари яратиб, аҳоли даромадини оширишдан иборатдир.

Дилмурод ПАРПИЕВ,

Андижон вилояти Давлат Солиқ бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва

ҳуқуқий ахборот бўлими бош мутахассиси

 

“Туркистон-пресс”