2018-03-31 10:10:00

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИНИНГ ЎН ТЎРТИНЧИ ЯЛПИ МАЖЛИСИ ТЎҒРИСИДА АХБОРОТ

2018 йил 30 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.

Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2017 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитдилар.

Бошқарув раиси М.Нурматов ўз ҳисоботида пул-кредит сиёсати кучли инфляция босими сақланиб турган ҳамда иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар фаол босқичга ўтган, шу жумладан валюта сиёсати ва ташқи савдо фаолияти эркинлаштирилаётган бир шароитда олиб борилганини қайд этди. Шу сабабли асосий эътибор пул-кредит сиёсати воситаларидан самарали фойдаланишга қаратилди.

Марказий банк тижорат банкларининг капиталлашув ва ликвидлик даражасига қўйилган талабларни кучайтирди ҳамда 2017 йил июнь ойида қайта молиялаштириш ставкасини 9 фоиздан 14 фоизга кўтарди. Шу билан бирга, кредитлаш ҳажмлари тез суръатларда ўсиши натижасида ликвидликнинг тақчиллигига йўл қўймаслик учун 2017 йилнинг иккинчи ярмида тижорат банкларига қайта молиялаштириш кредитларини бериш механизмлари жорий этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 сентябрдаги “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонини ижро этиш асносида 2017 йил сентябридан бошлаб миллий валюта айирбошлаш курсини аниқлашнинг бозор механизми жорий этилди, шунингдек аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун валюта маблағларини сотиш, сотиб олиш ва тасарруф этишга қўйилган чекловлар олиб ташланди.

2017 йилда тижорат банкларининг жами капитали 2,3 баравар ортди ва 20,7 трлн. сўмга етди. Капиталнинг етарлилик кўрсаткичи 18,8 фоизга ошди, бу эса халқаро нормалардан 1,8 баравар ортиқдир. Тижорат банкларининг жалб қилинган депозитлари умумий ҳажми 1,6 баравар ортди ва 58,7 трлн. сўмни ташкил этди. Банклар активларининг умумий ҳажми 2 баравар кўпайди ва 2018 йил 1 январь ҳолатига кўра 166,6 трлн. сўмни ташкил этди.

Банклар фаол кредит сиёсатини амалга оширишни давом эттириши натижасида иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирилган кредитларнинг жами ҳажми 2,1 баравар ортди ва 110,6 трлн. сўмни ташкил этди. Хусусан, тижорат банклари томонидан инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун 16,1 триллион сўмлик кредитлар ажратилди, бу эса 2016 йилга нисбатан 1,3 баравар кўпроқдир.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан 19,6 трлн. сўмлик кредитлар, шу жумладан 4 трлн. сўмлик микрокредитлар ажратилди. Жумладан, аёлларнинг тадбиркорлик фаолияти ривожланишини рағбатлантириш мақсадида 2,8 трлн. сўмлик, хизматлар ва сервис соҳасини ривожлантириш учун 3,6 трлн. сўмлик ҳамда оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш учун 490,3 млрд. сўмлик кредитлар ажратилди.

Қишлоқ аҳолисининг уй-жой шароитларини яхшилаш мақсадида тижорат банклари томонидан қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича уй-жойлар қуриш учун 1,8 трлн. сўмлик ипотека кредитлари берилди.

2017 йилда банк тизимида амалга оширилган чора-тадбирлар Марказий банк пул-кредит сиёсатининг самарадорлигини ошириш, банк тизимининг молиявий барқарорлигини, унинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришдаги ролини янада мустаҳкамлаш ва инвестиция жараёнларидаги иштирокини фаоллаштириш имконини берди, шунингдек мамлакат макроиқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлади.

Сенаторлар ҳисобот муҳокамаси давомида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ва тавсиялар бердилар. Банк фаолиятини назорат қилишнинг халқаро принциплари талаблари ҳамда бошқа чора-тадбирлар асносида капиталнинг етарлилиги, тижорат банкларининг ликвидлиги ва барқарорлигига доир талаблар бажарилишини таъминлаш чора-тадбирларини кучайтириш тавсия этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 мартдаги “Банк хизматлари қулайлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида назарда тутилган банк хизматларининг қулайлиги даражасини ошириш, банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатиш сифати ва маданиятини тубдан ошириш бўйича вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш зарурлиги қайд этилди. Бизнес ва инвестиция муҳитини яхшилаш, пул-кредит сиёсати монетар омилларининг инфляцияга кўрсатадиган таъсирини камайтириш орқали нархлар барқарорлигини таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Муҳокама якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2017 йилда ҳуқуқий тарғибот ва маърифатнинг ҳолати ҳақидаги ахборотини эшитдилар.

Адлия вазирлиги томонидан қонун ҳужжатларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва қарорларининг ижросини таъминлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатиш тизимини такомиллаштириш, уларнинг моҳияти ва аҳамиятини ижрочиларга ҳамда аҳолига етказишнинг самарали механизмларини яратиш йўлида бир қатор тадбирлар ўтказилаётганлиги таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 февралдаги “Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш, ижро этувчилар ва аҳолини ҳуқуқий хабардор қилиш сифатини ошириш чоралари кўрилмоқда. 2017 йил 7 сентябрь куни “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Унда давлат органлари, вазирликлар ва идораларнинг, махсус ваколатли орган – Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқий ахборотни тарқатиш борасидаги ваколатлари, ҳуқуқий ахборотни тарқатиш тартиби ва механизмлари белгилаб берилган.

Қонун ҳужжатларини тезлик билан тарқатиш мақсадида ҳимояланган алоқа каналлари (VPN) орқали идоралараро электрон ҳамкорлик тизими ишга туширилганлиги қайд этилди.

Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчилар сони 20 миллионга етганлигидан келиб чиқиб, Адлия вазирлиги қонун ҳужжатларини аҳолига етказиш учун интернет имкониятларидан имкон қадар кўпроқ фойдаланмоқда. “Фейсбук”, “Инстаграм”, “Твиттер”, “Одноклассники” каби оммабоп ижтимоий тармоқларда вазирликнинг саҳифалари очилди. Охирги 4 йил ичида 100 мингдан зиёд киши мазкур саҳифаларга кирди. Бундай саҳифалар одамлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш маконига айланди. Вазирликнинг “Халқ билан мулоқот” саҳифаси интернетдаги энг йирик лойиҳалардан бири бўлди, ушбу саҳифага 100 минг киши қўшилди. “Телеграм” мессенжеридаги “Ҳуқуқий ахборот” канали 4 ой олдин ишга туширилди ва бугун 80 минг обуначига эга. У орқали 2 500 дан ортиқ ахборот тарқатилди.

Ҳуқуқий тарғибот соҳасида фойдаланувчиларнинг фаоллигини ошириш мақсадида танловлар эълон қилинди. Уларнинг ғолиблари муносиб рағбатлантирилмоқда.

Қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини ижтимоий тармоқлар орқали тушунтириш мақсадида уч тилда (ўзбек, рус ва инглиз тилларида) “Ҳуқуқий ахборот” видеоблоги лойиҳаси ишга туширилди.

Кўпчилик, айниқса қишлоқ жойлардаги аҳоли интернетдан фойдалана олмаслигини инобатга олиб, Адлия вазирлиги республика минтақаларидаги ишлар ҳолатини ўрганиб чиқди. Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини шакллантириш борасида жиддий нуқсонлар мавжудлиги аниқланди, бу эса янги ёндашувларни излаш ва жорий этишни тақозо этмоқда. Шу муносабат билан қисқа вақт ичида кодекслар ва қонун ҳужжатлари тўпламлари 70 минг нусхада чоп этилди ва жойларда тарқатилди.

Мамлакатимизга инвестициялар киритиш эҳтимоли бўлган сармоядорларни Ўзбекистонда бизнес юритиш учун яратилган ҳуқуқий шарт-шароитлардан хабардор қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Миллий қонун ҳужжатлари базасининг инглиз тилидаги версиясини яратиш устида иш олиб борилмоқда.

2017 йилда давлат органларининг ҳуқуқий тарғибот ва маърифатга доир ишларини мувофиқлаштириш бўйича Идоралараро кенгашнинг янгиланган таркиби тасдиқланди, мазкур кенгашнинг ҳудудий комиссиялари тузилди.

Бироқ Идоралараро кенгашнинг бу йўналишдаги фаолиятида қатор муаммолар мавжуд. Хусусан, давлат органлар томонидан ҳуқуқий тарғибот соҳасида ўтказилган тадбирлар таҳлил қилинмайди, давлат органлари ҳудудий бўлинмаларининг ҳуқуқий тарғибот соҳасидаги ишлари устидан таъсирли назорат ўрнатилмаган, тадбирлар эскирган форматда ёки расмиятчилик учун ўтказилмоқда.

Ахборот муҳокамаси давомида сенаторлар Адлия вазирлигининг ушбу соҳадаги фаолияти самарадорлигини янада ошириш юзасидан таклифлар ва тавсиялар бердилар. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Сўнгра сенаторлар тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масаласини кўриб чиқдилар.

Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар миллий маънавиятимизнинг ажралмас қисми ҳисобланиб, халқимизнинг узоқ йиллик қадриятлари ва анъаналарини ўзида акс эттиради.

Бироқ кейинги пайтларда оилавий тадбирларни ўтказишда шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилиш, бошқаларнинг ижтимоий аҳволини инобатга олмаслик, исрофгарчилик, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби иллатлар кўзга ташланмоқда.

Оилавий тадбирлар билан боғлиқ жуда катта ортиқча сарф-харажатлар оилаларнинг нафақат ижтимоий аҳволига, балки бутун ҳаётига, қолаверса, жамиятимизда қарор топган маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатмоқда. Таҳлилларга қараганда, ёш оилалар ўртасидаги аксарият ажралишлар тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ҳолда келиб чиқаётган можаролар оқибатида юз бермоқда.

Ушбу йўналишдаги ишларнинг самарадорлигини янада ошириш мақсадида ОАВ орқали Республика “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Нуроний” жамғармаси фаолларининг мурожаати эълон қилинди. Унда давлат, нодавлат ташкилотлари ва кенг жамоатчилик саъй-ҳаракатларини бирлаштирган ҳолда бу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга чақирилди.

Сенатда “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди ва жорий йилнинг 5-25 март кунлари кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди. Бу даврда телерадиоканаллар ва даврий босма нашрларда юзга яқин материаллар эълон қилинди. Етакчи интернет нашрлари ҳамда ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган материаллар 1,6 млн. маротаба ўқилди. Кенг умумхалқ муҳокамалари жараёнида фаол иштирок этган 400 мингдан ортиқ фуқаро қарорни янада такомиллаштириш бўйича кўплаб таклиф ва фикрларни билдирди.

Оилавий тадбирларни тартибга солиш жамият учун ҳам муҳим ижтимоий аҳамиятга эга эканлиги боис, аҳоли томонидан билдирилган таклиф ва фикрларни инобатга олиб, мазкур масалани тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатни мукаммал ишлаб чиқиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.

Ушбу қарор билан тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солишга оид жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳи тузилиб, унинг таркиби тасдиқланди. Ишчи гуруҳнинг асосий вазифалари этиб ушбу масаланинг ОАВ, шу жумладан интернет нашрларда фаол муҳокама қилинишини ташкил этиш, мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида оилавий тадбирларни ўтказиш борасида шаклланган ўзига хос урф-одат ва анъаналарни аҳоли иштирокида чуқур ўрганиб чиқишдан иборат деб белгиланди. Ишчи гуруҳга муҳокамалар якуни бўйича асосланган таклифлар ишлаб чиқиш ва лойиҳани Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига кўриб чиқиш учун тақдим этиш топширилди.

Шунингдек, қарор билан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Республика Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги, Ички ишлар вазирлиги, шунингдек давлат ва нодавлат ташкилотларига тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш билан боғлиқ масалаларни чуқур ўрганиб, Ишчи гуруҳга асослантирилган таклиф киритиш топширилди.

Бундан ташқари, “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази аҳоли кенг қатламлари ўртасида тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ихчам ва тартибли ўтказиш бўйича ижтимоий сўров ўтказиб, Ишчи гуруҳга умумлашган таҳлилий маълумот тақдим этиши топширилди.

Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий Суди таркибига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар.

Ялпи мажлисда Олий Мажлис Сенати ваколатига кирувчи бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Ўн тўртинчи ялпи мажлис давомида 20 та масала, шу жумладан, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурини изчил ижро этишга қаратилган 13 та қонун кўриб чиқилди. Таъкидланганидек, сенаторлар томонидан қабул қилинган қарорлар халқаро ҳамкорликни кенгайтиришнинг, мамлакатимиз теварагида хавфсизлик муҳитини яратишнинг, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари кафолатларини янада мустаҳкамлашнинг, мамлакатимизда барқарорлик ва фаровонликни таъминлашнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.

Ўзбекистон РеспубликасиОлий Мажлиси СенатинингАхборот хизмати

 

“Туркистон-пресс”