2018-04-02 16:04:00

ТИНЧЛИК ЙЎЛИДАГИ ЭЗГУ ҚАДАМ

Обод ва фаровон ҳаёт кечириш учун биринчи навбатда тинчлик зарур. Тинчлик бахт-саодатимизнинг манбаидир. Айниқса, қўшнилар билан дўстона муносабатлар хотиржамликни таъминлайди. “Қўшнинг тинч – сен тинч “, – деган мақолда ҳам катта ҳикмат борлиги ҳаммамизга аён. Кейинги кунларда ён қўшниларимиз билан муносабатларимиз яхшиланиб, дўстона алоқаларимиз фаоллашиб, ўртадаги тўсиқлар олиб ташланмоқда. Қозоқ, қирғиз, тожик дўстларимиз билан борди-келдимиз янги босқичга кўтарилди. Ўзбекистон раҳбарияти жаҳонда ва минтақада кечаётган жараёнларни чуқур англаган ҳолда халқчил сиёсат олиб бораётганлиги, қўшни давлатлар билан ўзаро яхшиланиб бораётган муносабатларимизда яққол намоён бўлмоқда.

Шу маънода, мамлакатимиз Афғонистон Ислом Республикасининг хавфсизлиги, барқарорлиги ва тикланишини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларда халқаро ҳамжамият билан ёнма-ён иштирок этмоқда. Тинчликпарварлик, ҳамжиҳатлик, ўзаро муроса ва музокара ғоялари билан суғорилган таклифлар “Ўзбекистон ташаббуслари” номи билан дунёга машҳур бўлмоқда. Ўзбекистон қўшни Афғонистонда тинчлик ўрнатиш соҳасида ўзига хос принципиал ёндашувга эга бўлган мамлакат сифатида эътироф этилмокда. Мамлакатимиз Афғонистонга ҳарбий ёрдам, яъни қурол-яроғ, аслаҳалар етказиб бераётган давлат эмас, балки афғон халқининг тикланишига ҳар томонлама ёрдам кўрсатаётган давлат ҳисобланади. Бугунги кунда Қобул шаҳри Ўзбекистон етказиб бераётган электрэнергия орқали ёритилади. Ўзбекистонлик қурувчилар бу мамлакатда инфраструктурани барпо қилиш, кўприклар, автомобильйўллари қурилишида фаол иштирок этдилар. Бундан ўн йил илгари яъни 2008-2010 йилларда Афғонистон тарихида биринчи темир йўл ўзбек қурувчилари томонидан бунёд этилиб, фойдаланишга топширилган эди. Дўстлик ришталари бугун айниқса, мустаҳкамланаётганлигини кўриб турибмиз. Мамлакатимиз президентининг ташаббуси билан яна бир хайрли ишга эзгу қадам ташланди

Тошкент шаҳрида муваффақиятли якунланган “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуидаги халқаро конференция айнан Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ўтказилгани ҳам мамлакатимиздаги тинчликпарвар сиёсатнинг яққол амалий кўринишидир. Анжуман ишини биз билан бирга бутун дунё катта ҳаяжон ва қизиқиш билан кузатди. Конференция ишида турли етакчи мамлакатларнинг вакиллари иштирок этганлиги бу анжуманнинг нуфузи нақадар баландлигини кўрсатади.

Афғонистондаги асосий муаммо бу мамлакат ичида сиёсий беқарорликни келтириб чиқараётган “Толибон” ҳаракати ва турли диний-экстремистик ташкилотларнинг ҳуружидир. Бу мамлакат ҳамда минтақанинг ривожига сезиларли таъсир кўрсатмоқда, айниқса диний-экстремистик хавфларни вужудга келтирмоқда.

Конференция катта тарихий аҳамиятга эга. У Афғонистондаги нотинчлик, беқарор вазиятнинг олдини олишга, минтақада хавфсизликни таъминлаш йўлида Ўзбекистоннинг навбатдаги эзгу, амалий ва айни пайтда салмоқли ҳиссаси бўлди.

Комила КАРОМОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий МажлисиҚонунчилик палатаси депутати

“Туркистон-пресс”