2018-04-03 15:04:00

АНДИЖОНДА АНИҚЛАНГАН АЛПЛАР

2018 йил 28-29 март кунлари Андижон олимпия захиралари коллежида белбоғли кураш бўйича 2001-2002 йилларда туғилган ўғил болалар ва қизлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Белбоғли кураш федерациясининг йиллик тақвим-режасидаги ушбу чемпионатда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан 265 нафар ёш спортчи-ўқувчилар иштирок этди.

Андижон ОЗК манежида ташкил этилган ушбу мусобақада полвонлар белбоғли курашнинг классик ва эркин йўналишлари бўйича беллашишди. Мусобақанинг биринчи кунида ўсмирлар классик йўналишда, қизлар эса эркин йўналиш бўйича ўзаро куч синашишди. Дастлаб эркин усулда кураш тушган ўсмирлар ўртасида ғолиб ва совриндорлар номи аниқ бўлди.

Натижаларга эътибор қаратамиз:42 кг. 1. Ҳикматжон  Ғуломов (Фарғона). 46 кг. 1. Ҳусан Азимов (Тошкент ш.). 50 кг.1. Асадбек Раҳматов (Андижон). 55 кг. 1. Нусрат Султонбоев (Андижон). 60 кг. 1. Муҳаммаджон Расулов (Андижон). 65 кг. 1. Ихтиёр Равшанов (Бухоро). 71 кг. 1. Зуфар Рисқибоев (Тошкент в.). 77 кг. 1. Ғофуржон  Мелиқўзиев (Фарғона). 83 кг. 1. Муҳаммад Ваҳобов (Тошкент в.). 90 кг. 1. Илёс Обиджонов (Фарғона). +90 кг. 1. Нодирбек Сапарбоев (Хоразм).

 Куннинг иккинчи ярмида давом этган қизлар ўртасидаги кураш баҳслари ҳам муросасиз ва қизиқарли тарзда бўлиб ўтди. Мухлисларнинг тинимсиз олқиши остида ўтган Барчинойлар беллашувида  еттита вазн тоифасига кўра қуйидаги қизлар мамлакат чемпиони деган номга мушарраф бўлдилар:

 44 кг. 1. Моҳигул Ибрагимова (Наманган). 48 кг. 1. Мадина Акромова (Андижон). 52 кг. 1. Бибигавҳар Пўлатбоева (Қорақалпоғистон Республикаси.). 63 кг. 1. Мафтуна Маҳмудова (Андижон). 70 кг. 1. Умида Саидова (Фарғона). +70 кг. 1. Зебохон Носирова (Наманган).

Мусобақанинг иккинчи куни ўғил болалар белбоғли курашнинг эркин йўналишда  куч синашишди. Маълумот учун айтиш керакки, классик усулдан фарқли ўлароқ бу йўналишда полвонлар   оёғи билан  бемалол чалиш усулларини  қўллаши мумкин. Классикда эса рақиблар фақат  белбоғидан маҳкам тутган ҳолда, оёқ ишлатмасдан беллашишади.

Хуллас, эркин йўналишда рўйхатдан ўтган полвонларнинг 29 март кунги курашида, айниқса, ярим финал ва финал босқичларидаги полвонларнинг ҳар бир чиқиши белбоғли кураш шайдоларининг диққат марказида бўлди. “Ҳа, полвон” дея олқишланган йигит рақибини йиқитмай қўймади. Йиқилмай, елкаси ерга тегмай, барча рақибларини йиқитиб, маррага мағрур етган ёш чемпионлар қуйидагилар бўлди:

42 кг. 1. Асадбек Абдуқаҳҳоров (Наманган). 46 кг. 1. Диёрбек Раҳимов (Наманган). 50 кг. 1.Дониёр Ўролов (Жиззах). 55 кг. 1.Мардонбек Ўроқов (Сурхондарё). 60 кг. 1. Муҳаммадиёр Маматов (Наманган). 65 кг. 1. Қаҳрамон Омонбоев (Андижон). 71 кг. 1. Иқболжон Имомжонов (Фарғона). 77 кг. 1. Шохруҳ Имомбоев (Самарқанд). 83 кг. 1. Мухторжон Жўрабоев (Наманган). 90 кг. 1. Шохруҳ Нишонбоев (Фарғона). +90 кг. Орифжон Иброҳимов (Наманган).

Чемпионат якунига етгач, ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан медаль, диплом ва эсдалик совғалари билан мукофотланишди.

—Ушбу чемпионатда ҳам ёш иқтидорли спортчилар кўплиги бизни хурсанд қилди. Барча ҳудудларимиздан иштирокчиларнинг борлиги, айниқса, воҳа вилоятларнинг полвонлари водий полвонларига муносиб рақиб бўлаётгани белбоғли курашнинг янада оммалашаётганидан дарак беради, — дейди Уйчи туман белбоғли кураш бўйича бўлими бош мураббийи, мусобақа ҳаками Баҳтиёр Турғунпўлатов. — Бу мусобақаларда сараланган курашчиларимиз миллий терма жамоамизга захира тўплашда қўл келишини ҳисобга оладиган бўлсак, биз мураббийлар, ҳакамлар асосий эътиборимизни ёш истеъдодларни иқтидорини шакллантириш ва катта спорт сари йўналтириб, маҳоратли спортчи қилиб тарбиялашдан иборат бўлади.

 Эслатиб ўтамиз, белбоғли кураш бўйича навбатдаги Ўзбекистон чемпионати 13-15 апрель кунлари Нукус шаҳрида бўлиб ўтади. Унда 2005-2006 йилларда туғилган ўсмирлар ва қизлар иштирок этади.

Илҳом РАҲМОНОВ,

“Туркистон-пресс”