2018-04-03 15:13:00

ТАДБИРКОР 1,5 СОТИХ ЕРДАН 10 МИЛЛИОН ДАРОМАД МЎЛЖАЛЛАМОҚДА

Яқинда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Самарқанд вилоят кенгаши фаоллари аҳоли  хонадонларида бўлиб, томорқадан самарали фойдаланаётган юртдошларимиз билан мулоқот ўтказяпти.

—Ўз томорқасидан фойдаланишда қийинчилик сезаётган хонадон эгаларига ерни экишга тайёрлаш, сабзавот уруғи ва кўчатларини етказиб бериш, сабзавотларини парваришлашда яқиндан кўмак бериб келяпмиз, — дейди маҳалла раиси, Халқ депутатлари Пастдарғом туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Диёр Умеров. — Айни чоғда томорқадан намунали фойдаланиб келаётган хонадон эгалари тажрибаларини оммалаштириш, кўргазмали семинарлар ташкил этиш маҳаллада анъанага айланган.    

— Томорқамиз 8 сотихдан иборат бўлиб, 3 сотих майдонда 2 та иссиқхона ташкил қилганмиз, — дейди Асқар Ҳамраев. —Ҳар йили 3 маротаба сабзавот ва кўкат экиб, яхши даромад оляпмиз. Айни пайтда 1,5 сотих майдондаги битта иссиқхонада 750 дона помидор кўчатини парвариш қиляпмиз. Келажакда шу бир ярим сотихлик иссикхонада етиштирилган помидор ҳосилидан 10 миллион сўмдан ортиқ даромад олмоқчимиз.  

Тадбирда бу каби амалий мулоқотларни Самарқанд вилоятининг бошқа туманларида ҳам ўтказишга келишиб олинди.

“Туркистон-пресс”