2018-04-03 16:23:00

СУРХОНДАРЁДА “ДЎППИ” ФЕСТИВАЛИ ЎТКАЗИЛДИ

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Сурхондарё вилоят кенгаши ва халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи томонидан “Дўппи” фестивали ўтказилди.

Фестивалда сўзга чиққан Олий Мажлис Сенати аъзоси Шоҳида Арипова дўппи миллий бош кийими сифатида халқимиз турмуш тарзи ва тафаккурининг ўзига хос тимсоли эканлигини таъкидлади. Уни ёшу қари бирдай ардоқлаб кияди. Одамлар бир-бирларига дўппи совға қилади.

Таъкидланганидек, бугун ўтказилаётган фестивалнинг асосий мақсади — миллий бош кийими дўппи тарғиботига бағишланган бўлиб, фарзандларимизда миллий қадриятларимизга нисбатан ҳурмат туйғусини ўстиришдир.

— Қўлигул чевар қизлар ўзлари суйган, эъзоз­лаган кишисига атаб дўппи тикади, — дейди Ўз МТДП Сурхондарё вилояти кенгаши девони раҳбари Сайдулла Абдураимов. —  Дўппи совға қилиш замирида “Азиз бошингиз омон бўлсин”, деган тилак мужассам. Уни уй тўрига илиш, баъзан ҳимояловчи матоларга ўраб токчага қўйиш одат тусига кирган.

Қадимдан кийиладиган, ё совға учун асраб қўйилган дўппилар тахланиб ёки гумбаз шакли ҳимоя қилинган ҳолда сандиқ-жавонларда, янги кўрпа тахларида сақланган. Чунки у ҳамиша халқимиз орасида энг эзгу туҳфа ва азалий анъана ва урф-одатларимизни ўзида  мужассам этган боқий санъат намунаси саналади. Ўзбек халқининг бой тарихи ва маданиятини ўрганиш, ушбу бойликларни камол топиб келаётган ёш авлод ўртасида кенг миқёсда тарғиб этиш, ёшларда тарихий меърос ва халқ анъаналарига чуқур меҳр-ҳурмат, эҳтиром уйғотиш каби туйғуларни шакллантириш партиямизнинг маънавий-маърифий соҳадаги вазифалардандир. Бугунги ўтказилган фестивалнинг мақсади ҳам мана шундай дастурий вазифаларимиз ижросига қаратилди.

Фестивалда дўппилар кўргазмаси ташкил этилди. Иштирокчиларга уларнинг тарихи ҳақида кўплаб маълумотлар берилди.

Кўргазмада фаол иштирок этган “Сарманган”ҳунармандлик маркази, Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим Маркази, “Сурхон ипаги”МЧЖ, вилоят  “Баркамол авлод” болалар маркази Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Сурхондарё вилоят кенгаши томонидан тақдирланди.

“Туркистон-пресс”