2018-04-03 17:50:00

АЗИМ АҲМЕДХАДЖАЕВ АФҒОНИСТОН КОММУНИКАЦИЯ ВА АХБОРОТ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ ВАЗИРИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

2018 йил 2 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Азим Аҳмедхаджаев Афғонистон коммуникация ва ахборот технологиялари вазири Шаҳзод Гул Арёбини қабул қилди. Шунингдек, учрашувда Афғон Телекомкомпанияси раҳбари Ажмал Аян ҳам иштирок этди.

Вазирлик Ахборот хизматидан маълум қилишларича, учрашувда телекоммуникация ва ахборот технологиялари соҳасида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан юқори тезликдаги транзит алоқа каналларини ташкил қилиш, икки давлат тармоқ операторлари ўртасидаги халқаро телефон трафик сиғимини катталаштириш, халқаро интернет тармоғига юқори тезликда уланишни ташкил қилиш, АКТ соҳасида кадрлар тайёрлаш каби янги йўналишларда лойиҳаларни амалга ошириш масалалари учрашувнинг диққат-марказида бўлди.

Қайд этилганидек, ушбу лойиҳалар нафақат алоқа соҳаси ўртасидаги, балки бошқа йўналишларда ҳам минтақавий ҳамкорликнинг ҳам кенгайишига хизмат қилади.

Мазкур учрашув якуни юзасидан томонлар истиқболдаги ҳамкорлик бўйича зарур меъёрий ҳужжатларни имзолашга келишиб олдилар.

“Туркистон-пресс”