2018-04-04 13:14:00

ТЎҚҚИЗТА БАНК ОНЛАЙН КОНВЕРСИЯ УЧУН ИЛОВАНИ ИШГА ТУШИРДИ

2018 йил 1 апрелдан жисмоний шахслар халқаро тўлов карталарига сотиб олинган хорижий валютани нақд кўринишда ечиб олиш ҳуқуқига эга бўлди, дея хабар қилди Ўзбекистон Марказий банки матбуот хизмати.

Аҳолининг нақд хорижий валютага бўлган талабини қондириш учун тижорат банклари кассалар, валюта айирбошлаш пунктлари ва банкоматлар орқали нақд валютани ечиб олиш бўйича шароитлар яратмоқда.

Тижорат банклари жисмоний шахслар халқаро тўлов карталаридан пулларни ечиб олишга мўлжалланган терминаллар билан таъминланди. Молия муассасалари нақд хорижий валютани ечиб олишга мўлжалланган банкоматлар сонини босқичма-босқич ошириб боради. Йил охирига қадар республика бўйича яна 1000 та шундай ускуналар ўрнатилади.

“Газета.uz” хабарига кўра, бир банкда бошқа банклар карталаридан нақд пулни ечиб олишда қўшимча комиссия тўлови олинади. Қоидага кўра, у ечиб олинаётган сумманинг 1 фоизини ташкил этади.

Бундан ташқари, апрелдан халқаро тўлов карталарига хорижий валютани сотиш-сотиб олиш бўйича операцияларни ўтказишга хизмат қилувчи жисмоний шахслар ҳисобларини масофадан бошқариш тизими жорий этилди. Ўзбекистон Миллий банки, «Ҳамкорбанк», «Ўзсаноатқурилишбанк», «Ипотека банк», «Агробанк», «Ориент финанс банк», «Азия альянс банк», «Қишлоқ қурилиш банк» ва «Ипак йўли банк» халқаро тўлов карталарига хорижий валюталарни сотиб олиш ва сотиш учун мобил иловани ишга туширди. Фойдаланувчилар мобил иловаларни Google Play ва AppStore орқали юклаб олишлари мумкин. Бошқа банклар бу каби мобил иловаларни ишлаб чиқмоқда, улар ишга тушиши билан хабар қилинади.

“Туркистон-пресс”