2018-04-04 13:19:00

ЎЗБЕКИСТОН ПФЛ ДИРЕКТОРИ ИСПАНИЯДА “РЕАЛ МАДРИД” АКАДЕМИЯСИ РАҲБАРИЯТИ БИЛАН УЧРАШДИ

2018 йилнинг 22 январь куни Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси президенти ва Ўзбекистон футбол федерацияси 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов Испанияда расмий ташриф билан бўлиб, Реал Мадридклуби академияси директори Хулио Ронко билан учрашиб, “Қироллик клубининг Real Madrid Foundation Clinic дастури асосида Ўзбекистонда Реал Мадридклубининг футбол мактаби очилиши бўйича келишувга эришганди.

Ана шу келишув бўйича иш тартибини йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси директори Омон Ғофуров Испанияга ташриф буюриб, “Реал Мадрид” академияси раҳбарияти билан учрашди.

Келишувга кўра,“Реал Мадрид”да фаолият юритаётган мураббийларни Ўзбекистонга олиб келиш бўйича ҳам ҳамкорлик қилинади. Улар футбол мактабларида машғулотлар ўтказиш, футболчилар билан ишлаш жараёнлари ҳақида ўз тажрибалари билан ўртоқлашадилар.

Шунингдек, юртимиздаги истеъдодли болаларни “Реал”Мадридга олиб бориш, “Қироллик клуби”томонидан ташкил этиладиган мусобақаларда уларнинг иштирокини таъминлаш бўйича ҳам ҳамкорлик қилинадиган бўлди.

Музокаралар натижасига кўра шу йилнинг июнь ойида “Реал Мадрид” клуби академияси мутасаддилари ва вакиллари юртимизга ташриф буюрадиган бўлишди. Улар Ўзбекистонда бир ойга яқин вақт давомида бўлиб, “Қироллик клуби” академиясини ташкил этиш, юртимиздаги футбол мактаблари ва академияларида испан футболи методикаси бўйича иш олиб бориш, болалар футболи мураббийларининг малакасини ошириш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашадилар.

“Туркистон-пресс”