2018-04-04 14:10:00

ЎЗБЕКИСТОН — АФҒОНИСТОН: АКТ СОҲАСИДА ҲАМКОРЛИК МЕМОРАНДУМИ ИМЗОЛАНДИ

Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Афғонистон Ислом Республикасининг Коммуникация ва ахборот технологиялари вазирлиги ўртасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш йўналишида ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган “Стратегик ҳамкорлик бўйича англашув меморандуми” имзоланди. Бу ҳақда вазирлик Ахборот хизмати хабар берди.

Мазкур ҳужжатдан кўзланган мақсад — икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда телекоммуникация, ахборот технологиялари ва почта хизматларини ривожлантиришда тажриба алмашиш, алоқаларни кенгайтиришдан иборат. Меморандумда, шунингдек, АКТ соҳасида техник ёрдам кўрсатиш масаласи ҳам кўзда тутилган.

Англашув меморандуми асосида томонлар ҳамкорликка оид меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштирадилар, ўзаро дахлдор бўлган телекоммуникация ва алоқа тармоқлари ҳамда почта алоқаси инфратузилмасини мақбуллаштириш чораларини кўрадилар. Хусусан, Марказий Осиёга Ўзбекистон орқали ўтадиган почта транзитининг фаолияти таъминланади. Шу билан бирга, томонлар АКТ соҳасининг турли йўналишларида рақобатбардошлиликни ошириш, “электрон ҳукумат” йўналишида ҳамкорлик қилишни келишиб олдилар.

Имзоланган Меморандум асосида афғонистонлик талабаларнинг Муҳаммад ал Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ҳамда Тошкент шаҳридаги Инҳа университетларида таълим олишларини ташкил қилиш масаласи ҳам ўрганиб чиқилади.

Шунингдек, музокаралар асосида “O'zbektelekom” AK ҳамда “Afghan Telecom  Corporation” ўртасида ҳам стратегик ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди.  Унга кўра, томонлар ҳар иккала мамлакатдаги халқаро алоқа хизматларига бўлган эҳтиёжни таҳлилий ўрганиб, шунга кўра мақсадли равишда икки компаниянинг телекоммуникация тармоқлари ўртасидаги ўзаро трафик ўтказувчанлигини оширишга келишиб олинди. 

“Туркистон-пресс”