2018-04-04 14:33:00

СОЛИҚ ИСЛОҲОТЛАРИНИНГ ОЧИҚ МУҲОКАМАСИ

Тошкентда 2018-2020 йилларга мўлжалланган солиқ ислоҳоти концепциясининг очиқ муҳокамаси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти қошидаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги томонидан ташкил этилган ва “Ўзэкспомарказ” МККда бўлиб ўтган мазкур тадбирда солиқ соҳаси экспертлари, ишбилармонлар уюшмалари вакиллари, етакчи ОАВ, халқаро молиявий институтлар, дипломатик корпус вакиллари солиққа тортишнинг амалдаги муаммолари, асосий ғоялар, мақсадлар ва солиқ тизимини ислоҳ қилишнинг афзалликлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 февраль “Солиқ қонунчилигини тубдан такомиллаштириш бўйича ташкилий чоралар ҳақида” № Ф-5214 Фармойишигамувофиқ Концепция лойиҳасини ишлаб чиқиш шарт-шароитларини муҳокама қилишди.

Муҳокама қатнашчилари савол-жавоб тарзида солиққа тортиш тизимини ислоҳ қилишнинг қуйидаги асосий йўналишларини кўриб чиқдилар:

- солиқ ва мажбурий тўловлар (унификация, нормаларни пасайтириш) бўйича ўзгаришларнинг кўрсатилиши;

- солиқ тўловчиларнинг турли тоифаларини солиққа тортиш тартиби бўйича ўзгаришларнинг тақдим қилиниши;

- солиқ тўловчилар билан ўзаро алоқа тизими ва солиқ органларининг ташкилий тузилишини такомиллаштириш;

- ҳисоботлар ва айрим солиқ ҳамда мажбурий тўловларнинг маъмуриятчилик тартибини кўриб чиқиш;

- солиқ имтиёзларини тақдим этиш тартибини кўриб чиқиш;

- солиққа тортиш ва солиқ маъмуриятчилиги халқаро тартибларини жорий қилиш.

Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 февраль №Ф-5214 фармойишига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти қошидаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги солиқ юкини ҳамда ҚҚС ставкасини камайтириш, бир қатор солиқ ва мажбурий тўловларни унификация қилиш ва бекор қилиш, шунингдек, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича чоралар кўзда тутилган солиқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича концепция лойиҳасини тайёрлади.

Охирги йиллар мобайнида республикада солиқ тизими ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қатор чоралар қабул қилинди. Бироқ, солиқ тизимининг ва солиқ маъмуриятчилигининг ҳозирги ҳолати эркин бозор иқтисодиёти талабларига ҳали ҳам жавоб бермайди, бизнесга нисбатан сақланиб келаётган юқори даражадаги солиқ юки, солиқлар сонининг кўплиги ва уларнинг маъмуриятчилик жараёни мураккаблиги иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишга тўсқинлик қилаяпти.

Оғир солиқ юки капиталларнинг салбий айланмага чиқишига олиб келмоқда. Кичик ва йирик бизнес субъектлари ўртасидаги солиқ юки даражасида сезиларли фарқ (ўртача 3-4) ишлаб чиқаришнинг кенгайишига ва тадбиркорлик субъектларининг йириклашувига тўсқинлик қилмоқда.

Юридик шахслар мулкини солиққа тортишнинг амалдаги тизими ишлаб чиқарувчи капитал иншоотларга инвестицияларни ва инфратузилмани чеклайди ва бу кўп капитал сарфланадиган йўналишларнинг катталашувига олиб келади. Жисмоний шахсларни солиққа тортиш тизимининг мукаммал эмаслиги меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг пасайишига ва натижада ойлик иш ҳақини тўлаш бўйича юридик жиҳатдан тўлиқ бўлмаган солиқ схемасига олиб келади. Самарасиз солиқ маъмуриятчилиги Давлат бюджетининг кирим даражасига салбий таъсир қилади.

Амалдаги тизимнинг шу ва бошқа камчиликлари республикага инвестициялар жалб қилиш салоҳиятини пасайтиради, чунки кўпчилик инвесторлар кўзида Ўзбекистон солиқ қонунчилиги нормаларида равшанлик, соғлом рақобат, солиқ маъмуриятчилигининг шаффофлиги, солиқ юкининг мақбул даражаси ва инвесторлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш кафолатлари билан таъминламайди.

Ўзбекистон Республикаси солиқ-бюджет сиёсатини такомиллаштириш концепция лойиҳасининг очиқ муҳокамасида сўзга чиққанлар мамлакатимизда солиқ солиқ тизимини соддалаштириш, шу орқали аҳолига, айниқса тадбиркорларга қулайлик яратиш ҳақида гапиришди.

 

Тадбирда солиқ ислоҳоти концепцияси ва солиққа оид бошқа муҳим масалалар муҳокама қилиниб, тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

“Туркистон-пресс”