2018-04-05 15:02:00

НАМАНГАНЛИК ЁШ ОЛИМ НУФУЗЛИ ХАЛҚАРО МУКОФОТНИ ҚЎЛГА КИРИТДИ

Жанубий Кореянинг Ёнгнам университети профессори, наманганлик ёш олим Алишер Дедахонов АҚШнинг нуфузли “Marquis” ноширлик уйининг халқаро Альберт Нельсон Маркуис “Marquis Whos Who in the World” мукофотига сазовар бўлди.

Алишер Тошкент Давлат Шарқшунослик институтини битирган. Жанубий Кореянинг Ёнгнам университетида бизнес бошқаруви йўналишида таҳсил олиб, магистр даражасига эга бўлди. Ўқишини тамомлагач, ўзи ўқиган университетда докторлик диссертациясини муваффақиятли ёқлаб, 30 ёшида PhD (фалсафа доктори) даражасига эришди.

Келажаги порлоқ бўлган истеъдодли ёш олимни устоз мураббийлари ўзи таҳсил олган университетда ишда олиб қолиб, профессор ўқитувчи лавозимига тайинлашди. Ҳозирда ёш олим дунёнинг ўндан ортиқ давлатларидан келиб мазкур университетда таҳсил олаётган  талабаларга сабоқ бермоқда.

Шу билан бирга, ўтган тўрт йил давомида АҚШ, Англия, Янги Зеландия, Канада, Корея ва Норвегиядаги “Social Sciences Citation index”(SSCI) рўйхатида юритиладиган “Personnel Review”, “Manеаgemant Decision”, “Managerial Psychology”, “Career Development International”, “European Planning Studies” ва бошқа нуфузли журналларда бизнес корхоналарининг бошқарув услуби ва ходимларнинг креативлиги, бизнес корхоналарнинг инновацион фаолиятига таъсир қилувчи омиллар ва шунга ўхшаш бир қатор долзарб мавзуларда 13 та илмий мақоласи чоп этилди. Мазкур илмий мақолалар ўзининг муҳим аҳамияти ва мазмун-моҳияти билан халқаро илм аҳлининг диққат-эътиборини тортди.

Айниқса, Японияда ўтказилган халқаро илмий анжумандаги иштироки орқали у ўзининг юқори малакали мутахассис эканлигини яна бир бор исботлади.

Жанубий Кореянинг Гёнгсан шаҳридаги Ёнгнам университети профессори, изланувчан ёш олим Алишер Дедахонов “Marquis Whos Who in the World” нуфузли мукофотига ўзининг меҳнатсеварлиги, касбига садоқати, қисқа вақт ичидаги ютуқлари ҳамда бу орқали дунёда бизнес ва менежмент соҳасининг ривожига қўшаётган муносиб ҳиссаси учун лойиқ, деб топилди.

Шунингдек, Алишер Дедахонов Ёнгнам университети бўйича ҳар семестр охирида талабалар томонидан 885 нафар профессор-ўқитувчининг дарс бериш маҳоратини баҳолаш рейтинги кўрсаткичида таълим бериш бўйича энг кучли беш фоизлик гуруҳга кирди. Ўзи ёш бўлишига қарамасдан, ҳозирда уч нафар докторант, тўрт нафар магистр талабага мураббий сифатида илмий раҳбарлик қилмоқда. У шогирдларига ўзининг илмий тажрибаси орқали бизнес бошқарувида илмий мақола ва диссертациялар ёзиш сирларини ўргатмоқда.

Айни кунларда у Наманган қурилиш-муҳандислик институтининг менежмент факультети профессор-ўқитувчилари ва талабалари учун халқаро бизнес ва менежмент соҳаси бўйича инновацион ғоялар мавзуида “Онлайн” тарзида дарс ўтишни режалаштирмоқда.

“Туркистон-пресс”