2018-04-05 16:03:00

ҲАМКОРЛИК АЛОҚАЛАРИ КЕНГАЙМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига Буюк Британия парламенти Лордлар палатаси аъзоси ва Евроосиё Global TB Caucus гуруҳи раҳбари ўринбосари баронесса Алисон Сатти бошчилигидаги делегация ташриф буюрди, деб хабар бермоқда Қуйи палатанинг Ахборот хизмати.

Учрашувда меҳмонларга 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар тўғрисида маълумотлар берилди.

Мулоқот давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг тузилиши, ундаги сиёсий партиялар ва Ўзбекистон экологик ҳаракати, ташкил этилган қўмиталар, комиссиялар ва ҳорижий парламентлар билан ҳамкорлик қилиш доирасида ташкил этилган дўстлик гуруҳлари, олиб борилаётган ишлар, режалаштирилаётган лойиҳалар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ташкил этилган Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти фаолияти тўғрисида ахборотлар берилди.

Британиялик сиёсатчи, Буюк Британия парламенти Лордлар палатаси аъзоси баронесса А.Сатти самимий қабул учун миннатдорчилик билдириб, Ўзбекистон ва Буюк Британия муносабатларини мустаҳкамлашнинг долзарблигини қайд этиб, икки давлат ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш лозимлигини таъкидлади.

Учрашувда парламентаризмни ривожлантиришда самарали ҳамкорлик, аҳоли саломатлиги муҳофазаси, жумладан юқумли касалликлар, сил билан курашиш масалалари ҳам ўртага ташланди. Шунингдек, парламент қўмиталари фаолияти самарасини юксалтириш, кенг омма учун ахборотда парламентнинг жамоатчилик билан ўзаро алоқасини шаклланишида ҳамкорлик ҳамда парламент ходимлари салоҳиятини ошириш ва ривожлантириш бўйича лойиҳаларга доир масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Учрашув якунида ҳамкорликдаги ижтимоий соҳани ривожлантириш масалалари, жумладан аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш бўйича тадбирларни ташкиллаштиришга қизиқиш билдирилди.

Конструктив ва дўстона руҳда бўлиб ўтган учрашувда бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

“Туркистон-пресс”