2018-04-06 13:09:00

ПРЕЗИДЕНТ ДАВЛАТ ХАВФСИЗЛИК ХИЗМАТИ ҲАҚИДАГИ ҚОНУННИ ИМЗОЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 апрель куни «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги қонунига имзо чекди. Бу ҳақда «Халқ сўзи онлайн» нашри хабар берди.

Давлат хавфсизлик хизмати фаолиятини тартибга солиш мақсадида қабул қилинган қонун 9 боб, 48 моддадан иборат. Қонуннинг тўлиқ матни «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинди.

Ушбу қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг фаолиятини тартибга солишдан иборат, дейилади қонуннинг биринчи боб биринчи моддасида.

Қонуннинг 2-моддасида ДХХнинг асосий вазифалари белгиланган.

Унда қайд этилишича, Давлат хавфсизлик хизматининг асосий вазифалари Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини, суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини ҳамда бошқа давлат манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилишдан, қонунийликни мустаҳкамлаш ва қонун устуворлигини таъминлашдан, шунингдек Давлат хавфсизлик хизматининг ваколатига киритилган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга барҳам беришдан иборат.