2018-04-06 13:16:00

ИЖОДКОРЛАР УЧУН ИЛҲОМБАХШ ҚАРОР

Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. 

Шу муносабат билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида бўлиб ўтган тантанали тадбирда адабиётимиз намояндалари —ёзувчи ва шоирлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, адабиётшунос олимлар, ёш ижодкорлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Президентимизнинг “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси Х.Султонов ўқиб эшиттирди.


Тантанали тадбирда сўз олганлар маънавиятга, адабиётга юксак эътиборининг ёрқин намунаси бўлган мазкур тарихий қарори адабиётимиз ривожи йўлида янги босқични бошлаб беришини алоҳида таъкидлади. Ҳужжатда белгиланган вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши ижодкорларнинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамият тараққиёти учун беқиёс аҳамиятга эга бўлган машаққатли ижодий меҳнатини муносиб қадрлаш, адабиёт ва санъат соҳасини ҳар томонлама ривожлантириш, бадиий ижод аҳлининг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, истеъдодли ёш ижодкорларни тарбиялашга хизмат қилишини қайд этишди. 

—Ушбу тарихий ҳужжат ҳар бир ижодкорни илҳомлантириш билан бирга ўз ишига масъулият билан ёндашишга ундайди, —дейди Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Фаҳриддин Ҳайит. —Президентимиз биз ижодкорларга шундай эътибор ва ғамхўрлик кўрсатаётган экан, бу эътиборга ўз асарларимиз билан муносиб жавоб беришни бурчимиз, деб биламиз. 

 

Фарҳод Абдурасулов (ЎзА) олган суратлар.