2018-04-06 14:20:00

ҚЎЛ ТЎПИ МУСОБАҚАСИДА ПОЙТАХТ ЖАМОАСИ БИРИНЧИ БЎЛДИ

2018 йил 3 апрель куни Андижон олимпия захиралари коллежида бошланган “Баркамол авлод спорт жамоалари” дастуридан жой олган қўл тўпи бўйича ўғил болалар ўртасидаги Республика финал беллашувлари  якунига етди.

Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан 14 та жамоа Андижон ОЗК манежида ғолиблик учун куч синашишди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 июндаги “Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3031 сонли Қарори билан тасдиқланган дастурнинг 50 ва 52 – бандлари ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи, Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим маркази ҳамда Ўзбекистон “Баркамол авлод” жисмоний тарбия ва спорт жамияти Марказий кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилган ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўқувчилар ўртасидаги мазкур қўл тўпи спорт тури бўйича IV босқичли “Баркамол авлод спорт жамоалари” мусобақаларининг финал беллашувлари чин маънода спорт байрамига айланди.  Жамоаларнинг ғалабага бўлган иштиёқи кучлилиги боис, ҳар бир ўйинлар муросасиз ва шиддатли ўтгани билан аҳамиятли бўлди.  Терма жамоалар захирасини бойитиш мақсадида  мутахассислар қўл тўпида юқори иқтидорга эга спортчи-ўқувчиларни қайд этиб боришди.  

Шундай қилиб, охирги кунги натижаларга кўра, ярим финалда Тошкент шаҳри — Хоразм, Андижон — Қашқадарё жамоалари бир-бирларига рўбарў келишди. Ярим финалнинг биринчи учрашувида Тошкент шаҳри жамоаси Хоразм вилояти жамоасини 29:25 ҳисобида енгиб, финалга йўл олган бўлса, мезбонлар қашқадарёликларни 17:11 натижаси билан ортда қолдириб, якуний босқичга чиқишди. Учинчи ўрин учун кечган беллашувда эса Хоразм жамоаси Қашқадарё жамоасидан икки очко (28:30) устунликка  эга бўлиб, бронза медалларини қўлга киритишди.  Тошкент ва Андижон жамоалари ўртасидаги финал мусобақасида мезбонлар ҳар қанча уринишмасин, пойтахтликларга тенг келолмади. Таблодаги 25:35 ҳисобидаги кўриниш тошкентликларнинг чемпион бўлишига етарли бўлди.

Мусобақа якунига етгач тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ғолиб ва совриндор жамоалар диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан мукофотланишди.

Илҳом РАҲМОНОВ,

“Туркистон-пресс”