2018-04-06 15:02:00

ЧИНОЗ ТУМАНИДА ФҲДЁ ВА ДАВЛАТ НОТАРИАЛ ИДОРАСИ БИНОСИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

Тошкент вилоятининг Чиноз туманида замонавий кўринишда қурилган Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) ва Давлат нотариал идораси биноси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда вазирлик Ахборот хизмати хабар берди.

Бинонинг тақдимот маросимида Адлия вазирлиги, вилоят адлия бошқармаси, ҳокимлик, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари мутасадди ходимлари, фахрийлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.  

Тадбирда мамлакатимизда оила институтини янада мустаҳкамлаш, жамият ҳаётида унинг роли ва нуфузини, фуқароларга юридик хизмат кўрсатиш сифатини юксалтиришга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.

Ушбу замонавий бинода жисмоний ва юридик шахсларнинг конституцион ҳуқуқлари бўйича малакали юридик ёрдам олиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқий низоларни олдини олиш, шунингдек, ҳуқуқий муносабатларни ишончли ва тинч йўл билан ҳал этилиши ҳамда ёшларни оилага тайёрлаш, уларнинг бу соҳадаги билимларини янада бойитиш, никоҳланувчиларга соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш юзасидан “Ёш оила қурувчилар мактаби” машғулотларини тизимли равишда олиб бориш учун алоҳида маслаҳат хоналари, ҳужжатларни сақлаш учун эса махсус хоналар ташкил этилган.

Бугунги кунда нотариат, ФҲДЁ соҳасидаги ислоҳотлар нотариал ҳаракатлар ва фуқаролик ҳолати ёзувларини амалга оширишдан манфаатдор бўлган жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун билан ўрнатилган ҳуқуқларини янада мустаҳкамлашга, нотариус ҳамда ФҲДЁ ходимларининг эса уларга мурожаат этган шахслар олдидаги мажбуриятларини виждонан ва ҳалол бажаришига йўналтирилмоқда. 

“Туркистон-пресс”