2018-04-06 16:16:00

ЎЗБЕКИСТОНДА ЧИНГИЗ АЙТМАТОВ ТАВАЛЛУДИНИНГ 90 ЙИЛЛИГИ КЕНГ НИШОНЛАНАДИ

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 2 апрелдаги Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарори ижроси юзасидан ташкилий қўмита йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.


Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов ва бошқалар мазкур қарор ўзбек халқи учун азиз ва қадрли сиймо, Ўзбекистоннинг улкан дўсти бўлган буюк ижодкорга юксак ҳурмат-эҳтиром рамзи сифатида қардош қирғиз халқи билан яқин қўшничилик ва дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашда, адабиёт, маданият соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади. 


Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар тарихида янги давр бошланган ҳозирги пайтда Чингиз Айтматовнинг ўлмас бадиий мероси халқларимиз учун янада муҳим аҳамият касб этмоқда. Унинг гуманизм ва эзгулик ғояларини, миллий ва умумбашарий қадриятлар, турли миллатлар ва элатлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлашга қаратилган баркамол асарлари мамлакатимизда миллионлаб нусхаларда нашр этилмоқда. Ўзбекистон Миллий университетида “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” доимий экспозицияси фаолият кўрсатмоқда. 



Қарорда Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш, “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” номли хотира китобини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш, Чингиз Айтматов ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратиш, ёзувчи асарлари асосида янги спектакль саҳналаштириш ва бадиий фильм суратга олиш, Чингиз Айтматов хотирасини абадийлаштириш мақсадида Тошкент шаҳрининг марказий кўчаларидан бирига адиб номини бериш, Тошкент вилояти Паркент туманидаги 33-умумтаълим мактабида адиб бюстини ўрнатиш, “Чингиз Айтматов ва ўзбек адабиёти” мавзусида илмий конференция ўтказиш, мамлакатимиздаги олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар, умумий ўрта таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли шоир ва ёзувчилар, олимлар иштирокида учрашувлар, адабий кечалар ташкил этиш, 2018 йил декабрь ойининг иккинчи ўн кунлигида Ўзбек Миллий академик драма театрида атоқли адиб хотирасига бағишланган ижодий кеча ўтказиш тадбирлари кўзда тутилган. 

Йиғилишда мазкур вазифалар ижроси юзасидан тегишли вазирлик ва ташкилотлар вакилларининг ҳисоботлари тингланди, келгусидаги режалар атрофлича муҳокама қилинди. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов сўзга чиқди.