2018-04-06 17:11:00

АҚШ ДАВЛАТ ДЕПАРТАМЕНТИ ДЕЛЕГАЦИЯСИ БИЛАН УЧРАШУВ

2018йилнинг 6апрель куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Абдужабар Абдувахитов Тошкент шаҳрида бўлиб турган АҚШ Давлат департаменти делегацияси билан учрашди. Давлат котибининг инсон ҳуқуқлари, демократия ва меҳнат бўйича ёрдамчиси ўринбосари Ренди Уилям Берри ушбу делегацияга бошчилик қилмоқда.Бу ҳақда ТИВ хабар берди.

АҚШ делегацияси ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида, Олий Мажлиснинг инсон ҳуқулари бўйича вакили, Бош прокуратура, ички ишлар, бандлик ва меҳнат муносабатлари, адлия вазирликлари, “Тараққиёт стратегияси” маркази ва бошқа ташкилотлар вакиллари билан учрашув ва музокаралар ўтказмоқда.

ТИВда бўлиб ўтган учрашувда турли соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари тўғрисида батафсил сўз юритилди.

Суҳбатда таъкидланганидек, мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгаришлар инсон манфаатлари тамойилига асосланган. Хусусан муносиб яшаш даражасини таъминлаш, аҳоли билан очиқ мулоқот ва мурожаатлар билан ишлашнинг янги самарали механизмларини киритиш ва йўлга қўйиш, фуқароларни ташвишга соладиган ҳаётий муаммоларни ўз вақтида ҳал қилиш шулар жумласидандир.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон кенг кўламли ислоҳотлар ва очиқлик сиёсати, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларига тўлиқ риоя этилишининг қатъий тарафдоридир.

Музокараларда кўп қиррали Ўзбекистон-АҚШ мулоқотини конструктив асосда давом эттиришдан томонлар манфаатдор эканлиги тасдиқланди.

Учрашувда АҚШ Элчиси Памела Леора Спратлен иштирок этди.

“Туркистон-пресс”