2018-04-06 17:55:00

6-10 СЕНТЯБРДА ШАҲРИСАБЗДА ХАЛҚАРО МАҚОМ САНЪАТИ АНЖУМАНИ ЎТКАЗИЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6 апрель куни “Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказиш тўғрисида”ги қарорга имзо чекди.

Қарорга кўра, ўзбек миллий мақом санъатининг ноёб намуналарини кенг тарғиб қилиш, уни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, ёш авлод қалбида миллий мумтоз санъатимизга ҳурмат ва эътибор туйғуларини камол топтириш, турли халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарлик ришталарини мустаҳкамлаш, ижодий ҳамкорлик, маданий-маънавий муносабатлар доирасини халқаро миқёсда кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3391-сонли қарори билан Шаҳрисабз шаҳрида ҳар икки йилда бир марта ўтказилиши белгиланган Халқаро мақом санъати анжуманини биринчи марта 2018 йилнинг 6-10 сентябрь кунларида ўтказиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг таклифлари маъқулланди.

Ҳужжатда таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбек миллий мақом санъати марказига бир ой муддатда халқаро анжуманнинг очилиш ва ёпилиш маросимлари сценарий ва бадиий дастурларини тайёрлаш; 1 июлга қадар мазкур конференцияда хорижий давлатлардан таниқли мусиқашунос ва мақомшунос олимлар, таниқли санъаткорлар, етук мутахассислар ва фахрий меҳмонлар иштирокини таъминлаш, уларни тақдирлашни юқори савияда ташкил этиш; 1 августга қадар анжуман доирасида “Мақом мусиқа санъати ва унинг жаҳон цивилизациясида тутган ўрни” мавзусида ўтказиладиган илмий-амалий конференцияга тайёргарлик кўриш вазифалари юклатилган.

Анжуман доирасида Шаҳрисабз шаҳридаги Оқсарой майдони ҳудудида мақом санъатига оид турли кўргазмалар, миллий созлар ва либослар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, ҳайкалтарошлик намуналари, бадиий ва ҳужжатли фильмлар, аудио ва видео дисклар, китоблар, альбомлар, фотосуратлар намойиши ва уларнинг сотуви ташкил этилиши кўзда тутилган.

“Туркистон-пресс”