2018-04-09 14:39:00

МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТ ҚОШИДА НАНОТЕХНОЛОГИЯЛАР МАРКАЗИ ОЧИЛАДИ

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети қошида Нанотехнологияларни ривожлантириш маркази иш бошлайди, дея хабар қилди ЎзМУ физика факультетида фаолият кўрсатаётган физика-математика фанлари доктори, академик Комил Муқимов Газета.uzга берган интервьюсида.

Марказ ташкил этиш ғояси академик Комил Муқимовда пайдо бўлган, бироқ у 2016 йил 30 декабригача, Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат илм-фан вакиллари билан учрашувига қадар эътиборсиз қолдириб келинаётган эди.

«Ўшанда Президент: ўз таклифларингизни билдиринг, деган эди. Мен лойиҳани кўриб чиқиш учун юбордим ва февралда жавоб келди. 2017 йил 1 ноябрида Президентнинг илмий-тадқиқот муассасалари инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори қабул қилинди ва унда Нанотехнологияларни ривожлантириш марказини ташкил этиш ҳам ўрин олган», — деди олим.

Унинг сўзларига кўра, янги марказ Ўзбекистонда нанотехнологияларни ривожлантириш ва наносаноатни ташкил этиш учун илмий-тадқиқот институтлари илмий салоҳиятини бирлаштириши лозим.

Марказда йирик жамоавий фойдаланишдаги лаборатория ташкил этилади. Зарур ускуналар учун 1,3 млн доллар ажратилади.

“Туркистон-пресс”