2018-04-09 15:08:00

ЯПОН САЙЁҲЛАРИ САМАРҚАНДГА ЧАРТЕР РЕЙСДА КЕЛДИ

Чартер рейс билан юртимизга ташриф буюрган япониялик сайёҳлар Самарқанд халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди. Бу ҳақда вилоят ҳокилиги расмий сайти хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, мамлакатимизнинг Япониядаги элчихонаси ҳамда Самарқанд вилоят ҳокимлиги томонидан Япония Халқаро туристик ассоциацияси билан ҳамкорликда жорий йилда ҳам Кунчиқар юрт фуқароларининг тўғридан-тўғри парвозлар орқали Ўзбекистонга саёҳати йўлга қўйилди.

2017 йилда ўнта чартер рейс орқали Япония фуқароларининг юртимизга саёҳати уюштирилган бўлса, бу йил қатновлар сонини 15 тага етказиш кўзда тутилган. Ушбу саёҳатларда 3000 га яқин японияликнинг юртимизга келиши кутилмоқда.

Сайёҳлар бир ҳафта давомида Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент шаҳарларида бўлиб, тарихий-маданий ёдгорликлар, миллий анъана ва қадриятларимиз билан танишади. Бу йил сайёҳлик йўналишлари ва дастурларини меҳмонларнинг талаб ва истаклари асосида, уларнинг қизиқишларига қараб ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.

“Туркистон-пресс”