2018-04-09 15:24:00

САМАРҚАНДДА МУДОФАА ВАЗИРЛИГИНИНГ КИЧИК МУТАХАССИСЛАР ТАЙЁРЛАШ МАРКАЗИ ФАОЛИЯТ БОШЛАДИ

Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг кичик мутахассислар тайёрлаш маркази фаолият бошлади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги расмий сайти хабар берди.

Президентимизнинг 2017 йил 12 декабрдаги фармонига мувофиқ ташкил этилган марказ Мудофаа вазирлиги қўшинлари таркибига кирувчи махсус ўқув маркази бўлиб, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўшинларининг кичик қўмондонлик таркибини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга мўлжалланган.

— Шу пайтга қадар Миллий армиямиз учун кичик мутахассислар мамлакатимиздаги ҳарбий округлар сержантлар мактабларида тайёрланар эди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Кичик мутахассислар тайёрлаш маркази бошлиғининг ўқув-услубий ишлар бўйича ўринбосари, подполковник Шуҳрат Қосимов. — Лекин кейинги йилларда Қуролли Кучларимизда амалга оширилган ислоҳотлар, ҳарбий кадрлар тайёрлашнинг такомиллаштирилиши ҳамда армиямиз олдига қўйилган вазифалар кичик мутахассислар тайёрлаш тизимини ҳам такомиллаштириш заруратини келтириб чиқарди. Шу боис Қуролли Кучларимиз Олий Бош Қўмондони ташаббуси билан сержантлар мактаблари тугатилиб, мамлакатимизда ягона Кичик мутахассислар тайёрлаш маркази ташкил этилди. Бугунги кун талабидан келиб чиқиб, Қуролли Кучларимиз зиммасидаги вазифалар, дунёдаги вазият ва халқаро тажриба ҳисобга олинган ҳолда марказнинг асосий вазифа ва мақсадлари белгилаб берилди.

Аввалги сержантлар тайёрлаш марказида асосий эътибор кичик командирлар тайёрлашга қаратилган бўлса, бу ерда ушбу вазифа билан бирга, сержантлар малакасини ошириш ҳам йўлга қўйилади. Яъни марказда мутахассислик бўйича тайёргарлик курси, сержантлар таркибини тайёрлаш курси (кичик сержантлар, сержантлар ва катта сержантлар), сержантлар таркиби малакасини ошириш курси ташкил этилди. Муҳандислик бўлинмалари, алоқа бўлинмалари, зирҳли танк хизмати, артиллерия бўлинмалари, қуруқликдаги қўшинлар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа сингари 11 мутахассислик бўйича кичик мутахассислар тайёрланади.

“Туркистон-пресс”

ЎзА олган сурат.