2018-04-09 15:37:00

БУЮК СОҲИБҚИРОН ИБРАТИ

Ўзбекистон ХДП Марказий кенгаши томонидан жорий йилнинг 7 апрель куни Темурий тарихи давлат музейида “Амир Темур сиймоси —  ёшларга ўрнак” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирда қайд этилдики, буюк бобомизнинг қандай замин ва тарихий шароитда ўсиб-улғайгани, қай тариқа шундай юксак чўққиларга кўтарилгани, давлат арбоби, енгилмас саркарда ва инсон сифатидаги фазилатлари ҳақида шарқ ва ғарб тилларида бир ярим мингдан ортиқ асар битилган. Дунёнинг 50 га яқин мамлакатида темуршунос олимлар илмий изланишлар олиб бормоқда.

Амир Темур — халқимиз тарихи солномасидаги нажоткор қаҳрамонлардан бири. Мустақилликка эришганимиздан сўнг маънавий тикланиш ва янгиланиш ислоҳотлари улуғ аждодларимизнинг муборак номи, бой мероси, хотираси ва тарихий сиймосини тиклаш асосига қурилди. Бунинг самарасида халқимиз ҳар йили 9 апрель — Соҳибқирон таваллуд топган кунни улуғ аждодимиз хотирасига эҳтиром сифатида кенг байрам қилмоқда.

Тадбир иштирокчилари музей экспонатлари билан танишди.

“Туркистон-пресс”