2018-04-09 15:49:00

БОЛАЛАР ҚЎШИҚЧИЛИГИНИНГ БУГУНГИ ҲОЛАТИ “МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ” ПАРТИЯСИ ЭЪТИБОРИДА

7 апрель куни Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик  партияси Марказий кенгаши томонидан болалар қўшиқчилигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари мавзусида очиқ мулоқот ташкил этилди.

“Пойтахт” бизнес марказида ўтказилган очиқ мулоқотда асосий эътибор Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича 2016-2020 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги Қарори ижроси муҳокамасига қаратилди.

Тадбирда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон бадиий жамоалари ижодий бирлашмаси, Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси, Ўзбекистон Давлат консерваторияси, Р.Глиэр номидаги ва В.Успенский номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейлари масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Очиқ мулоқотда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фаоллари ва мутахассислар бугунги кундаги болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда умумтаълим мактабларининг мусиқа фани бўйича ўқув дастурлари, педагог кадрлар салоҳияти ва моддий техник базаси ҳолатини атрофлича муҳокама қилдилар.

—Партиямиз сайловолди Платформасида мамлакатимизда болаларнинг руҳий-маънавий дунёсини ва маданий савиясини ўстиришда нафақат миллий, балки жаҳон мусиқа санъатининг кўпдан-кўп йўналишларини ҳам чуқур ўрганиш ва ютуқларини ўзлаштириш, халқаро нуфузли танловлар ва фестивалларда иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шу билан бирга маданият муассасалари, “Баркамол авлод” болалар марказлари, мусиқа ва санъат мактабларини ривожлантиришга кўмаклашиш каби вазифалар белгиланган, — дейди Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси Сарвар Отамуротов. — Шундан келиб чиққан ҳолда, ҳудудий партия ташкилотлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари томонидан мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактабларидаги мусиқий таълимнинг сифати, болалар қўшиқчилигининг бугунги аҳволи ўрганилди.

Мазкур ўрганишлар натижаси партия Марказий кенгаши бош мутахассиси Шаҳноза Султанова томонидан тақдимот орқали намоён этилди.

— Таҳлиллар натижасида 3 ёшдан 16 ёшгача бўлган болаларнинг аксарияти болалар мусиқий таълими дастурларидан ўрин олмаган қўшиқларни жумладан, хорижий эстрада хонандаларининг қўшиқларини куйлаётганлиги аниқланди, — деди Ш.Султанова. — Шунингдек, мактабгача таълим муассасаларида турли байрам дастурларининг аксарияти рэп, поп йўналишидаги ва паст савиядаги “қўшиқлар”дан кенг фойдаланган ҳолда ташкил этилмоқда.

Умумтаълим мактабларидаги ўқувчиларнинг мусиқа маданияти фани ҳақидаги мулоҳазалари ҳамда 1-, 4-, 6-, 7-синфларига мўлжалланган 2017-2018 ўқув йиллари учун тақвимий-мавзу режаси ўрганилганда мусиқа дарсларида мусиқа тинглаш, жамоа бўлиб куйлаш, мусиқа саводи бўйича машғулотлар ўтилиши ва таълим мазмунидан ўзбек болалар қўшиқчилигининг ва жаҳон мусиқасининг энг сара намуналари ҳамда мусиқали ўйинлар ўрин олганига гувоҳ бўлинди.

Бироқ, бу тасдиқланган дастурга мувофиқ, тақвимий-мавзу режасидаги машғулотларнинг ташкил этилишида кўп ҳолларда дарс соатларининг номутахассис ўқитувчилар томонидан ўтилиши, уларнинг аксарияти бирорта соз чалиш малакасига эга эмаслиги, дарслар аксарият ҳолда шунчаки, шеър ёдлаш ёки таълим мазмунига номувофиқ бўлган қўшиқларни турли ахборот ташувчи қурилмалар ёрдамида эшиттириш орқали ўтилиши аниқланди.

Аксарият умумтаълим мактабларида фортепиано бўлсада, у жуда яроқсиз ва носоз аҳволда. Чунки ундан ашула дарси машғулотлари давомида фойдаланилмайди. Таълим дастурида ўзбек халқ мусиқа чолғулари ҳақида маълумот бўлсада, миллий чолғулар тақчиллиги кузатилмоқда.

Тадбирда болалар қўшиқларининг телевидение орқали тарғиботи бўйича Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг эфир сеткаси таҳлил этилгани, “Булбулча” болалар ашула ва рақс ансамблининг бугунги ҳолати ва фаолияти ҳамда мусиқий таълимни сифатли ташкил этишда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети тадқиқотчи-изланувчиларининг қатор ўрганишлари таҳлил этилгани таъкидланди.

Очиқ мулоқотда таъкидланганидек, болаларни маънавий, маданий-маърифий ва эстетик тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга бўлган “Булбулча” ансамблига эътибор бугун ҳаминқадар. Зеро, унинг фаолиятини тиклаш, тажрибасини амалиётга татбиқ этиш бугунги шиддатли глобаллашув даврда мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ҳамда мактаб ўқувчилари учун жуда муҳимдир.

Очиқ мулоқотда Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси раиси Рустам Абдуллаев, “Булбулча” болалар ашула ва рақс ансамбли раҳбари Шермат Ёрматов, Ўзбекистон давлат консерваторияси профессори Феруза Абдураҳимова, В.Успенский номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи директори Дилдора Жамолова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ашурали Жўраев ва бошқалар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

ЎзМТДП Марказий кенгаши Матбуот хизматидан маълум қилишларича, тадбир сўнгида мутахассисларнинг фикр-мулоҳазалари асосида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг болалар қўшиқчилигини, вокал-хор таълимини ривожлантириш, мусиқа ўқитувчиларини тайёрловчи олий ўқув юртлари ҳамда мусиқа мактабларининг ўқув дастурлари ва моддий-техник базасини такомиллаштириш,  “Булбулча” болалар хори, ашула ва рақс жамоасини қайта ташкил этиш каби таклифлари ишлаб чиқилди.

“Туркистон-пресс”