2018-04-09 16:01:00

“АДОЛАТ” СДП ЁШЛАР ҲУҚУҚ ВА МАНФААТЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ЙЎЛИДА

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан жорий йил 5-6 апрель кунлари Самарқанд вилоятида “Уюшмаган ёшлар: бурч, ҳуқуқ ва манфаатлар бирлиги” мавзусида икки кунлик республика кўргазмали ўқув-семинари бўлиб ўтди.

Унда партия Сиёсий кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, партия марказий аппарати ва ҳудудий кенгашлари масъул ходимлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари, “Ёш адолатчилар” қаноти фаоллари, ҳамкор ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ва Экоҳаракат вакиллари билан ўтказган видеоселектор йиғилишида сиёсий партиялар фаолиятига баҳо бериб, уларнинг ёшлар ўртасида олиб бораётган ишлари, “Ёшлар қанотлари”нинг фаолияти қониқарли эмаслиги, ваҳоланки, бугун мамлакатимизда яшаётган 10 миллиондан ортиқ ёшлар ҳаётида қанчадан-қанча ечилмаган ижтимоий муаммолар борлиги ҳақида алоҳида тўхталиб ўтган эди. Сиёсий партиялар ёшлар билан яқиндан, бевосита иш олиб бормаётгани, уларнинг дарду ташвишларини ечишга интилмаётгани, бу борада партияларнинг аниқ стратегияси йўқлигини танқид остига олинган эди.

Ушбу танқидий фикрлардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уюшмаган ёшлар билан ишлаш, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида қўшма чора-тадбирлар Дастури қабул қилинди. Мазкур Дастур доирасида Жиззах, Самарқанд ва Навоий вилоятларида маҳаллий ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, меҳнат бошқармалари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон мусулмонлар идораси ҳудудий бўлинмалари вакиллари ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатларидан иборат Ишчи гуруҳлари томонидан ушбу ҳудудлардаги уюшмаган ёшларнинг рўйхати шакллантирилиб, бугунга қадар улар билан бир қатор самарали тадбирлар амалга оширилди.

Жумладан, ўқимайдиган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган ёшларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ўтган даврда Навоий ва Жиззахда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тегишли доимий комиссиясида муҳокама қилинди. Шу билан бирга, халқ депутатлари Навоий шаҳар, Кармана, Дўстлик, Зомин ва Нарпай туман Кенгаши сессияларига масала киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинишига эришилди.

Мазкур амалий ишларни партиянинг барча ҳудудий ва маҳаллий Кенгашлари томонидан амалга оширилишида партиянинг Самарқанд вилояти кенгаши фаолиятини намуна қилиб кўрсатиш, ижобий ишларини оммалаштириш мақсадида ташкил этилган республика кўргазмали ўқув-семинари “Адолат” СДПнинг ёшлар сиёсатини амалга ошириш, дастурий мақсад-вазифаларини навқирон авлод ўртасида кенг тарғиб қилиш, ҳудудларда уюшмаган ёшлар билан юзма-юз мулоқот қилиб, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ечим топишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

Икки кун давом этган кўргазмали ўқув-семинарда уюшмаган ёшлар билан ишлашнинг долзарб вазифаларини муҳокама қилиниб, бу борада партиянинг Самарқанд вилоят кенгаши тажрибасини ўрганилди.

Ўқув-семинар доирасида уюшмаган ёшларнинг меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларни эгаллашларига кўмаклашиш ва иш билан таъминлаш чораларини кўриш мақсадида ташкил этилган меҳнат ярмаркасида 100 нафарга яқин ёшларнинг бандлиги таъминланган бўлса, семинар доирасида ўтказилган уюшмаган ёшлар билан ишлаш бўйича партиянинг Жиззах, Навоий ва Самарқанд вилоят кенгашлари тажрибаси тақдимоти иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Семинар иштирокчилари уюшмаган ёшлар билан ишлаш бўйича мутасадди ташкилотлардан иборат тузилган намунали Ишчи гуруҳи йиғилишида ҳам иштирок этди.

Шу билан бирга, ўқув-семинар доирасида Тайлоқ туманидаги уюшмаган ёшлар, ёш оилалар, имконияти чекланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб ижтимоий-маиший шароитларни яратиш мақсадида тадбиркор аёллар иштирокида “Маҳорат дарси” машғулотлари ҳамда маҳаллада 18-30 ёшгача бўлган хотин-қизлар ўртасида “Маҳалламизнинг қўли гул маликалари” танлови ўтказилди.

Шунингдек, ушбу туманда партиянинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” ва “Адолатчилар жамоатчилик экспертизаси” лойиҳалари доирасида уюшмаган ёшлар ва турли сабабларга кўра чет элга чиқиб кетган ёшларнинг ота-оналари билан “Депутат ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди. Ёшларнинг муаммоларини ўрганиш мақсадида депутатлар ва мутасадди ташкилотлар иштирокида ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказилди. Уюшмаган ёшлар ўртасида тиббий кўрик ўтказилиши ҳам уларнинг партияга бўлган ишончи ортишига хизмат қилди.

 Тўйлар, уларни ихчамлаштириш борасида олиб борилаётган ишлар, бу борада яқинда қабул қилинган Олий Мажлис Сенатининг “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти ҳақида Қонунчилик палатаси депутати Умид Сулаймонов батафсил маълумот бериб ўтди.

Семинар доирасида иштирокчилар халқ депутатлари Пастдарғом тумани Кенгашининг намунали сессияси жараёнида ҳам иштирок этди. Уюшмаган ёшлар билан ишлашда маҳалла институти фаолиятини янада жонлантириш, уюшмаган ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида уларни маҳалла қошида ташкил этилган тўгаракларларга жалб этиш бўйича Самарқанд шаҳридаги “Девори Кундаланг” маҳалласи тажрибаси ўрганилди.

“Туркистон-пресс”