2018-04-09 16:20:00

АКБАР ПЎЛАТОВ ВА ВАЛЕНТИН КОВАЛЕНКО СУПЕРЛИГА УЧРАШУВЛАРИДАН ЧЕТЛАТИЛДИ

Футбол бўйича Суперлига 5-туридан ўрин олган “Локомотив” —“Қўқон-1912” учрашувида бош ҳакамВалентин Коваленкога ёрдам берган Акбар Пўлатов қўпол хатога йўл қўйгани учун жазоланди. Бу ҳақда ЎФА расмий сайти хабар берди.

Валентин Коваленко бошқариб борган беллашувнинг 17-дақиқасида “Локомотив” футболчилари ҳисобни тенглаштиришга эришди. Такрорий лавҳалар гол ўйиндан ташқари ҳолатдан киритилганини кўрсатди. 

Ўша вазиятда қанот ҳаками Акбар Пўлатов сўнгги ҳимоячи билан бир чизиқда туриши ва Марат Бикмаевнинг ўйиндан ташқари ҳолатда эканини аниқлаб, байроқчасини кўтариши керак эди. Бироқ лайнсмен бу вазиятни эътибордан четда қолдирди. Оқибатда унинг хатоси ўйин натижасига ўз таъсирини кўрсатди. 

“Локомотив” - “Қўқон-1912” учрашуви назоратчисининг билдиргисига асосан Акбар Пўлатов 4 баллга (2 баҳо) лойиқ кўрилди. Эндиликда у Суперлига ўйинларига қўйилмайди. Жазо муддати қанча вақт давом этишини ЎФА Ҳакамлар қўмитаси ҳал қилади.

Ўйиндан кейин ЎФА Ҳакамлар қўмитаси учрашувни бошқариб борган бош ҳакам Валентин Коваленконинг ҳам хатти-ҳаракатларини ўрганиб чиқишди. Хулосага кўра, “Локомотив” —“Қўқон-1912”  учрашуви бош ҳаками ўйинга яхши тайёргарлик кўрмагани, натижада бир қатор вазиятларда, жумладан, 17-дақиқада “Локомотив” аъзоси Марат Бикмаев гол киритган вазиятда ўйиндан ташқари ҳолатни аниқлашда ва иккинчи бўлимда “Қўқон-1912” дарвозасига пенальтини белгилашда хатога йўл қўйгани қайд этилди.

Валентин Коваленко ҳам эндиликда маълум муддат Суперлига ўйинларига қўйилмайди.

“Туркистон-пресс”