2018-04-09 16:43:00

ЮРТИМИЗДА АМИР ТЕМУР ТАВАЛЛУДИНИНГ 682 ЙИЛЛИГИ КЕНГ НИШОНЛАНМОҚДА

Буюк Соҳибқирон, давлат арбоби Амир Темур таваллудининг 682 йиллиги мамлакатимизда янги босқичда, халқчил руҳда амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг ўзгача кўтаринкилик билан нишонланмоқда. 

9 апрель куни буюк соҳибқирон Амир Темур таваллуди муносабати билан Тошкент шаҳридаги Амир Темур хиёбонида буюк саркарда ҳайкалининг пойига гул қўйиш маросими бўлиб ўтди.

Унда турли ташкилот ва идоралар, жамоат ва маданият намояндалари, ўқувчи-талабалар иштирок этди.

Шунингдек, бугун, 9 апрель тонги Амир Темур таваллуд топган қадимий ва гуллаб-яшнаётган қишлоқ — Хўжа Илғорда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Миллий телерадиокомпания, Миллий ахборот агентлиги ҳамкорлигида Халқаро пресс-клубнинг “Хўжа илғор қайта кашф қилинган тарих — янги сайёҳлик йўналиши” мавзуида сайёр сессияси ташкил этилди. 

ЎзА хабарига кўра, халқ сайли тарзида ўтказилган тадбирда миллий ҳунармандлик намуналари, халқ ўйинлари намойиши, этнографик чиқишлар, Амир Темур даврини эслатувчи уйғун композиция, ўтовлар хорижлик сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғотган. 



— Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Амир Темур шахсига ҳурмат, Соҳибқирон бобомиз ва темурийлар даврини қайтадан кашф қилиш, Амир Темур даврининг нафақат Ўзбекистон, балки дунё халқлари давлатчилигида тутган ўрнининг ўзига хос хусусиятларини очиб бериш, бу жиҳатларнинг ёшларимиз ҳаётидаги тарбиявий аҳамиятини оширишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда, — дейди Халқаро пресс-клуб раиси Шерзодхон Қудратхўжаев ЎзА мухбирига берган интервьюсида.  — Биз давлатимиз раҳбарининг бу ғоят муҳим аҳамиятли ташаббуси ва саъй-ҳаракатларидан илҳомланган ҳолда, Хўжа Илғор қишлоғида сайёр пресс-клуб сессияси ўтказмоқдамиз. Мақсадимиз сиёсий таҳликали, халқ мўғуллар истилосидан зулм чекаётган бир даврда дунёга келган ва озодлик учун курашиб, буюк давлатга асос солган бобомиз сиймосини қайта кашф қилиш, Хўжа Илғорда янги сайёҳлик манзилини яратиш. 

Тадбир “O‘zbekiston-24” телеканали орқали намойиш этиб борилди. Кун давомида Хўжа Илғор тантаналари бир неча бор жонли эфирда халқимиз ва халқаро миқёсда томошабинлар эътиборига ҳавола этилмоқда.

“Xabar.uz” ва ЎзА олган суратлар.