2018-04-10 16:00:00

ДЎСТОНА АЛОҚАЛАР ҲАМКОРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Наманган шаҳар кенгаши томонидан “Mugunghwa” ўқув марказида “Дўстона муносабатлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади” мавзусида ўқув-семинар ташкил этилди.

Тадбирда фуқаролар тотувлигини таъминлаш, хорижий мамлакатлар билан дўстона, тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли муносабатларни мустаҳкамлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши экани алоҳида таъкидланди.  

– Юртимизда яшовчи барча миллат ва элатларнинг ўз она тилида таълим олиши учун барча шароит яратилган, – дейди “Mugunghwa” ўқув маркази раҳбари Жўрабек Каримов. – Масалан, бизнинг ўқув марказимизда ҳам ёшларга инглиз, япон, рус, корейс, хитой ва бошқа тилларни ўргатишга алоҳида эътибор қаратилади. Ҳозирда 24 нафар малакали педагоглар 300 дан ортиқ талабаларга таълим бериб келмоқда. Қувонарлиси, жорий йилнинг март ойида Корея давлатнинг Тэгу шаҳридаги “Сусеонг”  университети  билан шартнома имзоладик. Келгусида эса Американинг Нью-йорк шаҳри, Хитойнинг “Чэнгжоу” Кореянинг “Ажу” ва “Пусонг”  университетлари билан  шартнома тузиш  ниятимиз бор.

“Туркистон-пресс”