2018-04-10 16:22:00

ЁШЛАР ҲИМОЯСИ ЙЎЛИДА ҲАМКОРЛИК

2018 йилнинг 9-11 апрель кунлари Тошкент шаҳрида Халқ таълими вазирлиги томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC) билан ҳамкорликда оила ва мактабда соғлом ижтимоий-маънaвий муҳитни шакллантириш, ёшлар ўртасида зарарли одатлар, жиноятчилик ва ҳулқ оғишини психологик коррекция ва профилактика қилишга қаратилган уч кунлик ўқув семинари ўтказилмоқда.

Ўқув-семинарларда UNODC билан ҳамкорликда олиб борилаётган  “Мустаҳкам оила” лойиҳаси тренерлари бўлган Тошкент шаҳридаги мактабларнинг амалиётчи психологлари, маънавий-маърифий ишлар бўйичa директор ўринбосарлари, ёшлар етакчилари иштирок этяпти. Унда иштирокчиларга ёшлар билан ишлашни комплекс ташкил қилиш, ўқувчилар ва уларнинг оилалари билан мулоқотда зарур бўлган ижтимoий-психологик кўникмаларини ривожлантириш  бўйича муҳим тавсиялар берилмоқда.

Халқ таълими вазирлиги Матбуот хизматдан маълум қилишларича, умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш ишларини ташкил этиш, гиёҳвандликка қаши тарғибот ишларини олиб боришда вазирлик давлат идоралари, жамоат ташкилотлари билан бирга ҳалқаро ташкилотлар билан ҳам ўзаро ҳамкорлик алоқаларини олиб бормоқда.

Жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC) билан ҳамкорликда ўқувчилар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ана шундай муавафаққиятли олиб борилаётган лойиҳалардан бири “Мустаҳкам оила ” лойиҳаси бўлиб, у 10-14 ёшли болалар ва ўсмирлар ҳаётида содир бўладиган муаммоли вазиятларнинг олдини олиш, ўқувчиларда кашандалик, гиёҳвандлик каби иллатларнинг пайдо бўлишига йўл қўймаслик борасида уларга ёрдам беришга мўлжалланган.

“Туркистон-пресс”