2018-04-10 17:10:00

ЎЗБЕКИСТОНЛИК КУРСАНТЛАР — МАТЕМАТИКА БЎЙИЧА ХАЛҚАРО ОЛИМПИАДА СОВРИНДОРИ

Аввал хабар қилинганидек, 2-6 апрель кунлари Олмаотада МДҲ мамлакатлари мудофаа вазирликлари ҳарбий олий ўқув юртлари курсантлари ўртасида халқаро олимпиада бўлиб ўтди. Ўзбекистонлик курсантлар унда учинчи ўринни эгаллади.Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги матбуот хизматига таяниб ЎзА хабар қилди.

Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти ўқитувчиси Раъно Юсупова бошчилигидаги курсантлар Шаҳзодбек Рустамов, Бобур Абдурашидов, Жаббор Муҳаммадиев ва Сарвар Норалиев Қозоғистонда бўлиб ўтган олимпиадада Арманистон, Россия, Қозоғистон, Беларусь, Қирғизистон ва Тожикистон жамоалари вакиллари билан баҳслашиб, мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. 

Россия Ҳарбий университети курсантлари биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўринга қозоғистонлик курсантлар, учинчи ўринга юртдошларимиз сазовор бўлди. Олимпиаданинг ғолиб ва совриндорлари медал, кубок ва эсдалик совғалар билан тақдирланди. 


ЎзА олган сурат.