2018-04-11 18:00:00

САДРИДДИН АЙНИЙ ЮБИЛЕЙИГА БАҒИШЛАНГАН ТАДБИРЛАР ЎТКАЗИЛМОҚДА

Тожикистонда 20 аср тожик адабиёти асосчиси Садриддин Айнийнинг юбилейини нишонлаш бошланди. 15 апрель куни ёзувчи, жамоат арбоби ва олим, Ўрта Осиё халқлари адабиёти ва тарихи бўйича бир қатор асарлар муаллифи бўлган Садриддин Айний таваллудига 140 йил бўлади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

 

Яқинда Душанбеда Садриддин Айний асарлари тўплами қайта нашр қилинди. Тожикистон Ёзувчилар уюшмасида буюк ёзувчининг ижодига бағишланган илмий конференция бўлиб ўтди, унда Марказий Осиё, Россия ва ғарб мамлакатларининг етакчи тадқиқотчилари иштирок этди. 

 

Буюк ёзувчининг юбилейига бағишланган асосий тадбирлар 14 апрель куни бўлиб ўтади. Ўша куни Душанбеда Тожикистон қаҳрамони Садриддин Айнийнинг таъмирланган уй-музейи тантанали очилади. 

 

Ёзувчи, олим ва жамоат арбоби Садриддин Саидмуродзода Айний 1878 йили Бухоро вилояти, Ғиждувон туманида туғилган. Ўзбек ва тожик тилида ижод қилган. Айний 1927-29 йилларда йирик романи «Дохунда»ни тожик тилида нашр эттирди. 1934 йилда эса ўзбек тилида «Қуллар» романини яратди. Унда ўзбек ва тожик халқининг юз йиллик ҳаёти акс этади. Айнийнинг «Эски мактаб» (1935) асарида эски мактабдаги ўқиш ва ўқитиш ҳақида ҳикоя қилинади. Ўтган асрнинг йигирманчи йилларда эълон қилинган қатор ҳажвий асарлари, «Яна бу қайси гўрдан чиқди», «Пулинг ҳалол бўлса, тўй қил» (1924), «Машраб бобо», «Ё, тўним» (1925), «Билганим йўқ», «Кенгаш» (1926) каби ўзбекча фельетонлари, ҳажвий шеър ва мақолалари, айниқса, «Судхўрнинг ўлими» (1939) ҳажвий повести ёзувчининг моҳир сатирик эканлигини кўрсатди. Муқанна ва Темурмалик бошчилигидаги халқ қўзғолонини акс эттирувчи адабий-тарихий очерклар ёзди. У тўрт қисмдан иборат «Эсдаликлар»ида (1949-54) Бухоронинг ўтмиш ҳаёти ва ўша давр ижтимоий-маданий муҳитини ёритади. Айнийнинг «Дохунда», «Қуллар», «Судхўрнинг ўлими» ва «Эсдаликлар» асарлари хорижий тилларга таржима қилинган. Ўзбекистон ва Тожикистон Республикаларидаги бир қатор шаҳар, туманлар, қишлоқлар, кўчалар, мактаблар, кутубхоналар, санъат ва маданият муассасалари Айний номига қўйилган.

 

Тожикистон Республикаси Президентининг ижтимоий тараққиёт масалалари ва жамоатчилик билан алоқалар бўйича ёрдамчиси Абдужаббор Раҳмонзоданинг 10 апрель куни маълум қилишича, ёзувчининг уй-музейи Имомали Раҳмон топшириғига биноан таъмирланди. Садриддин Айний “Тожик адабиёти намуналари” деб номланган илк миллий тожик ижодиёти антологиясини тузилди», дея таъкидлади Раҳмонзода. 

 

Айнийнинг юбилейи арафасида Президент Шавкат Мирзиёев фармойишига биноан ёзувчининг Самарқанддаги уй-музейи қайта реставрация қилинди. Айтиш лозимки, Садриддин Айний Бухорода туғилган, Душанбега келишидан аввал узоқ муддат Самарқандда яшаган.