2018-04-11 18:18:00

СИЗ МЕҲР ВА ЭЪТИБОРДАН ЧЕТДА ЭМАССИЗ!

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Урганч шаҳар кенгаши маҳалла фаоллари, “Истиқбол ёшлар қаноти” етакчилариҳамроҳлигида  “Сиз меҳр эътибордан четда эмассиз!” лойиҳаси доирасида Урганч шаҳрида жойлашган Юқорибоғ, Кўҳна қалъа, Навбаҳор, Гулчилар, Истиқлол, Мустақиллик маҳаллаларидаги 15 ёшдан 30 ёшгача бўлган ногирон ёшлар хонадонларига ташриф уюштириб, улар ҳолидан хабар олди.

Ташриф давомида ногирон болалар ва уларнинг ота-оналари билан суҳбатлашилиб, болаларнинг умумий аҳволи, уларни қийнаётган муаммолар, ногирон болаларнинг қизиқишлари ўрганилди.

Суҳбат давомида мамлакатимизда ногиронлар ижтимоий ҳимояси, уларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар, улар учун қонунларда белгиланган имтиёзлар ва Ўзбекистон ХДПнинг ногиронларнинг ижтимоий ҳимояси бўйича олиб бораётган ишлари ҳақида маълумотлар берилди.

ЎзХДП Урганч шаҳар кенгаши раиси зайнаб Машарипованинг таъкидлашича,ўрганишлар натижасида тил ўрганиш, касб-ҳунар эгаллаш истагида бўлган ёшлар Ф.Худайберганов, Ш.Саъдуллаева, З.Исмаилова, С.Каримовалар эҳтиёжларига қараб Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши қошидаги Инклюзив таълим марказида фаолият юритаётган бепул тўгаракларга йўналтирилди. Таълим муҳитида ўқувчи ёшлар тўгарак дастурларига эмас, тўгарак дастурлари ўқувчи ёшларга мослаштирилди.

 

“Туркистон-пресс”