2018-04-11 18:20:00

УЛУҒБЕКНИНГ БРОНЗА МЕДАЛИ

Туниснинг Ҳаммамед шаҳрида таэквондо (WTF) бўйича ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионатида  иштирок этган ҳамюртимиз Улуғбек Рашидов (-51 кг.) совриндорлар қаторидан ўрин олишга муваффақ бўлди.

У дастлабки босқичларда бразилиялик Габриэл Альвес (25:5), малайзиялик Имон Фирдавс Насриддин (25:7), нимчорак финалда грециялик Дикаиос Мичалакакос (25:13), чорак финалда эса россиялик Анатолий Иаринни (18:8) мағлуб этди ва ярим финал йўлланмасини қўлга киритди. Финал йўлланмаси учун бўлган курашда Улуғбек эронлик Амир Валипурга 11:17 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди ва бронза медали билан тақдирланди.

Маълумот учун, Улуғбек Рашидов яқиндагина Хаммамедда бўлиб ўтган лицензион турнирда олтин медалга сазовор бўлиб, III ўсмирлар Олимпия ўйинларига йўлланма олган эди.

Эслатиб ўтамиз, Тунисдаги жаҳон чемпионатининг биринчи куни -45 кг вазн тоифасида баҳсларда иштирок этган спортчимиз Амирбек Тўраев кумуш медалини қўлга киритган эди.

“Туркистон-пресс”