2018-04-11 18:22:00

МАТЛУБА ДАДАБОЕВА: “МИЛЛИЙ МАҚОМИМИЗНИ БУТУН ДУНЁ ТИНГЛАЙДИ”

Бугун мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди, хусусан, халқимиз маданий меросининг ажралмас қисми бўлган миллий мақом санъатининг қадимий тарихи, теран фалсафий илдизлари, бетакрор бадиий услуби ва бой ижодий анъаналарини изчил давом эттириш учун кенг йўл очилди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 17 ноябрда қабул қилинган “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ жорий йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта Халқаро мақом санъати анжумани ўтказилиши йўлга қўйилаётгани ўзбек мақом санъатининг ўзига хос ижро мактаблари ва анъаналарини янги босқичда равнақ топтириш, унинг “Олтин фонди”ни яратиш ва бойитиш, халқаро нуфузини ошириш ва кенг тарғиб қилишга хизмат қилади.

Айни пайтда ушбу халқаро анжуманга тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди. Президентимизнинг 2018 йил 6 апрелдаги “Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказиш тўғрисида”ги қарори бунда дастуриламал бўлаётир.

Қарорда белгиланганидек, мазкур халқаро анжуман шу йилнинг 6-10 сентябрь кунлари Шаҳрисабз шаҳрида бўлиб ўтади. Анжуманга хорижлик мусиқашунос ва мақомшунос олимлар, таниқли санъаткорлар, етук мутахассислар ва фахрий меҳмонлар таклиф этилади. Бундан кўзланган асосий мақсад — турли халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарлик ришталарини мустаҳкамлаш, ижодий ҳамкорлик, маданий-маънавий муносабатлар доирасини халқаро миқёсда кенгайтиришда миллий мақом санъатининг ролини оширишдан иборат.

Халқаро анжуман доирасида Шаҳрисабздаги Оқсарой майдони ҳудудида мақом санъатига оид турли кўргазмалар, миллий созлар ва либослар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, ҳайкалтарошлик намуналари, бадиий ва ҳужжатли фильмлар, аудио ва видео дисклар, китоблар, альбомлар, фотосуратлар намойиш қилиниши хорижий меҳмонларда юртимиз аҳолиси маданияти, амалий санъат маҳсулотларига бўлган қизиқишнинг янада ортишига хизмат қилади.

Анжуман, ўз навбатида, юртимизда туризмни ривожлантиришга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир. Хорижий меҳмонларнинг республикамизга кириш визалари белгиланган тартибда консуллик ва бошқа йиғимларни ундирмасдан расмийлаштирилиши, Тошкент шаҳри ва Қашқадарё вилоятидаги меҳмонхона ва овқатланиш хизматларини 50 фоизлик чегирма билан ташкил этилиши, анжуман ўтказилиш тартиби белгиланган дастур туристик ташкилотларга аввалдан берилиши (улар хорижлик сайёҳларнинг юртимизга ташрифини ташкиллаштиришда аниқ кўрсатмага эга бўлади) бунга яққол мисол бўла олади.

Мухтасар айтганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ушбу қарори маданият ва санъат соҳасига берилаётган улкан эътиборнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди. Бунинг натижасида қадим тарихга эга санъатимиз билан бирга Ўзбекистон аталмиш улуғ гўша довруғи дунёга таралади. Миллий мақом санъати тадқиқ этилиб, унинг назарияси ва амалиёти ўртасидаги тафовут ва ўхшашликлар, тарихи ва бугуни “Мақом мусиқа санъати ва унинг жаҳон цивилизациясида тутган ўрни” мавзусида ўтказиладиган илмий-амалий конференцияда кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилади.

Матлуба ДАДАБОЕВА,
Ўзбекистон халқ артисти