2018-04-11 18:26:00

САМАРҚАНД ВИЛОЯТИ ДЕЛЕГАЦИЯСИ ХИТОЙДА

Самарқанд вилоят ҳокими Туробжон Жўраев бошчилигидаги делегация шу кунларда Хитой Халқ Республикасининг Шэньси провинциясида бўлиб турибди. Сиань шаҳрида Самарқанд вилояти ва Хитойнинг Шэньси провинцияси ишбилармон доиралари ўртасида икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш мақсадида халқаро бизнес-форум ва тақдимотлар ўтказилмоқда. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати хабар берди.

8 апрель куни Самарқанд вилояти ва Шэньси провинцияси ишбилармонлар доиралари икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш мақсадида Самарқанд вилояти ҳокими бошчилигидаги делегация аъзолари Сиань шаҳридаги халқаро логистика марказида вилоятнинг инвестицион имкониятлари ҳамда экспорт салоҳияти мавзусида бизнес-форум ўтказди.

Тадбирда Сиань шаҳрининг вице-мэри, жаноб Гао Гао, Шэньси провинцияси ташқи ишлар департаменти масъул ходимлари ҳамда йирик ишбилармон вакиллари иштирок этишди.

Ўтказилган бизнес-форумда Ўзбекистон Республикаси, жумладан, Самарқанд вилоятининг инвестицион имкониятлари, экспорт салоҳияти тўғрисида тақдимот ўтказилиб, видео ролик намойиш этилди.

Сианлик ишбилармонлар томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинган бизнес-форум савол-жавобларга бой бўлди .

Тақдимот якунида Самарқанддан ташриф буюрган 26 нафар тадбиркор ва Шэньси провинциясидан иштирок этган компаниялар ўзаро музокара олиб боришди.

Ташрифнинг биринчи кунида қиймати 23,6 млн. долларлик тўғридан-тўғри инвестиция жалб қилиш ҳисобига 3 та лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувлар имзоланди.

Тадбир давомида Сиань шаҳри вице-мэри самарқандлик тадбиркорлар учун ўз маҳсулотларини сотишлари учун Сиань қуруқлик портидан алоҳида савдо майдончаси ажратишни ҳамда ушбу савдо майдончаси учун ҳеч қандай тўлов ундирилмаслигини таъкидлади.

Бундан ташқари, туризм бўйича ҳам ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш юзасидан музокаралар ўтказилди. Тадбирда иштирок этган Самарқанддаги сайёҳлик агентликларининг таклифлари маъқулланиб, бир қатор шартномалар имзолашга эришилди.

Мазкур тадбир давомида Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ва Сиань шаҳри университети ўртасида туристик агентлиги ташкил этиш тўғрисида ҳужжатлар имзоланди.

***

Шу куни Самарқанд вилояти ҳокими Т.Жўраев бошчилигидаги делегация аъзолари Шэньси провинцияси губернатори жаноб Лю Гочжун ва унинг савдо-иқтисодиёт, инвестиция, таълим ва маданият соҳалари бўйича ўринбосарлари ҳамда бошқа масъуллар иштирокида учрашув ўтказди.

Учрашувда жаноб Лю Гочжун Ўзбекистон Республикасининг 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясининг барча йўналишлари бўйича олиб борилаётган ислоҳотлардан хабардор эканлиги, бу ислоҳат Ўзбекистон халқининг фаровонлигини таъминлашга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

Губернатор, ўз навбатида, Шэньси провинцияси ва Самарқанд вилояти ўртасида ҳар томонлама муносабатларни тубдан яхшилаш ва фойдаланилмаётган имкониятларни ишга солишга алоҳида урғу берди. Бунда икки томонлама битимни янада такомиллаштириш ва уни сафар давомида имзолашни таклиф қилди.

***

Шунингдек, Самарқанд вилояти ҳокими Т.Жўраев раҳбарлигидаги делегация аъзолари Сиань шаҳри мэри, жаноб Шангуан Цзин билан учрашди. Учрашувда вилоят ҳокими томонидан Ўзбекистонда 2018 йил “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва инвестицияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинганлигига алоҳида урғу бериб, ушбу йўналишда Давлат дастури қабул қилинганлиги ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шунингдек, тарихий обидаларга бой ҳисобланган Самарқанд шаҳри туризм инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида яқин кунларда қурилиши мўлжалланаётган “Самарқанд Сити” лойиҳалари амалга оширилаётганлиги ва бунда Сиандаги компаниялар иштирокини қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирди.

Сиань шаҳри мэри, ўз навбатида, Самарқанд ва Сиань шаҳарлари ўртасида ўрнатилган биродарлик алоқаларининг янги босқичга ўтганлигини чуқур мамнуният билан изоҳлади. Бу борада туризм, таълим ва маданият соҳасида ўзаро ҳамкорликда жиддий ёндашиш истагини билдириб, яқин кунларда мэриянинг савдо бошқармаси бошлиғи раҳбарлигидаги делегацияни Самарқандга юборишини маълум қилди.

***

Куннинг иккинчи ярмида Сиань ва Самарқанд шаҳарларининг “Биродарлашув битими” имзоланганлигининг 5 йиллиги муносабати билан шаҳардаги катта театр биносида Самарқанд ва Сиань маданият ва санъат усталари иштирокида байрам дастури намойиш этилди.

Ушбу тадбирда Сиань шаҳри вице-мэри, Шэньси провинцияси ҳамда шаҳар фаоллари, Сиандаги олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ҳамда уларнинг сафдошлари иштирок этди.

Самарқанд вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.