2018-04-11 18:30:00

САМАРҚАНД МУСИҚАЛИ ДРАМА ТЕАТРИ ТУРКИЯГА ИЖОДИЙ САФАР ҚИЛАДИ

Самарқанд вилоят мусиқали драма театриТуркияга гастрль сафарини уюштиради. Бу ҳақда Ўзбекистон Маданият вазирлиги расмий сайти хабар берди.   

Самарқанд театри саҳнасида 2017 йил ёзида саҳналаштирилган турк драматурги Тунжар Жужанўғлининг “Кўчки” спектакли муваффақият билан қўйилиб, томошабинлар эътирофига сазовор бўлиб келмоқда.  Ўтганйил ноябрьойида театрнинг Тошкентга ижодий сафарида асар муаллифи Т.Жужанўғлининг ўзи ҳам ташриф буюриб, спектаклни кўриб, унга юқори баҳо берган эди.

Таъкидлаш лозимки, “Кўчки” асари дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатлар театрларида саҳналаштирилиб, муваффақиятли ўйналиб келинмоқда.

2018 йил 23 февраль куни Туркия давлати Маданият ва туризм вазирлиги театрлар бошқармаси томонидан  Самарканд вилоят мусиқали драма театри номига юборилган хатда  “Кўчки” спектакли 2018 йил 20-30 апрель кунлари Туркия давлатининг Конья шаҳрида ўтказиладиган “Минг нафас —  бир овоз” туркий тилларда саҳналаштирилган спектаклларнинг XI Халқаро фестивалига таклиф этилганлиги маълум қилинган эди.

Шу муносабат билан Самарқанд вилоят мусиқали драма театри жорий йилнинг 20-30 апрель кунлари Туркияда бўлиб ўтадиган халқаро фестивалда иштирок этишга қизғин ҳозирлик кўрмоқда.

Спектаклдаги асосий ролларни театрнинг етук актёрлари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Бахтиёр Раҳимов, Бахрулло Раҳимов, Гулбаҳор Мамедова, Меҳри Ҳакимова, Солижон Ҳакимовлар билан бир қаторда, умидли ёш актёрлар Жамшид Муродов, Шоҳсанам Облоқулова, Сарвиноз Саитовалар маҳорат билан ижро этиб келмоқдалар.

Мазкур фестивалда Самарқанд театрининг иштироки Ўзбекистон ва Туркия давлатлари ўртасидаги маданий дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиздир.

“Туркистон-пресс”