2018-04-11 18:34:00

ЎЗБЕКИСТОН — ХИТОЙ: ТУРИЗМНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЙЎЛИДАГА ҲАМКОРЛИК

Самарқанд вилоят ҳокими Туробжон Жўраев бошчилигидаги делегация шу кунларда Хитой Халқ Республикасининг Шэньси провинциясида бўлиб турибди.

Ташрифнинг иккинчи кунида самарқандлик тадбиркорлар Сиань халқаро молия маркази биносида маҳаллий ишбилармонлар билан учрашди.Бу ҳақда Самарқанд вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати хабар берди.

Тадбирда вилоятнинг туристик салоҳияти тўғрисидаги тақдимоти ўтказилди.Мазкур тақдимотда Самарқанддан ташриф буюрган тадбиркорлар ва Сиань шаҳри ишбилармонлари иштирокида музокаралар олиб борилди.

Музокаралар якунлари бўйича, қиймати 6 миллион АҚШ долларилик, шу жумладан, 4,5 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича лойиҳаларни ҳамкорликда амалга оширишга келишилди. Жумладан, “Браво мадад” оилавий корхонаси негизида меҳмонхона хизмати фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида “Shaanxi Teenfo Imp & Export” компанияси томонидан 500 минг долларлик инвестиция киритади. Шунингдек, Самарқанддаги маданий объектларни замонавий дизайн асосида тунги ёритиш тизимини жорий этиш бўйича Хитой компанияси томонидан 4 миллион АҚШ долларилик тўғридан-тўғри инвестиция киритиш лойиҳасини амалга оширишга келишилди.

Хитой Халқ Республикаси Мусулмонлари ассоциацияси раиси билан ўтказилган музокаралар якунига кўра эса, зиёрат туризми йўналишида ҳар йили ўртача 100 минг нафар зиёратчиларни Ўзбекистонга, жумладан, Самарқандга жўнатиш юзасидан дастлабки келишувларга эришилди.

 “Туркистон-пресс”