2018-04-12 18:02:00

“АМЕРИКА ОВОЗИ” МУХБИРИ: “ЎЗБЕКИСТОН ТАШАББУСЛАРИНИ ВАШИНТОНДАГИ РАСМИЙЛАР ИЛИҚ КУТИБ ОЛИШАЯПТИ”

—Яқинда дастурларимизнинг бирига “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари борасида рўй бераётган янгиликларни, ўзгаришларни АҚШ, ўарб аҳли қандай баҳолайди?” деган савол келиб тушди. Умуман, сўнгги пайтларда бундай мурожаатлар тез-тез янграмоқда, — дейди “Америка овози” мухбири Навбаҳор Имомова “Халқ сўзи” газетаси учун ёзган хабарида.

—Узоқ давр мобайнида Ўзбекистон, дейилганда Вашингтонда инсон ҳуқуқлари бўйича салбий қараш мавжуд эди. Бугунги кунга келиб, Америка расмийлари билан гаплашганимизда ва улардан “Ўзбекистонда янги раҳбар иш бошлаганига бир йилдан зиёд вақт бўлди, ҳозирги ислоҳотларни қандай баҳолайсиз?” дея сўраганимизда, улар амалга оширилаётган ишларни “Умидга, оптимизмга тўла”, деб баҳолашмоқда. Ўзбекона таъбир билан айтганда, бу муносабатларга кўз тегмасин, деган маъно мужассам. Яъни “Мана шу ижобий тўлқин, ўзгаришлар жараёни давом этаверсин, орқага қадам ташланмасин ҳамда Ўзбекистон дунё ва ўз халқи учун очилаверсин” мазмунидаги муносабатларни эшитаяпмиз.

Ўтган бир йилдан ортиқ муддатда Ўзбекистонда 25 га яқин сиёсий маҳбус озод қилинди. АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси расмий равишда баёнотлар бериб, Ўзбекистон Ҳукуматининг бундай ташаббусларини олқишламоқда. Ва ҳозир ким билан гаплашманг, “Ўзбекистонда қонун устуворлиги таъминланиши учун олға қадамлар ташланаверсин, туб муаммоларга қарши кураш кучаяверсин”, деган фикрларни билдирмоқда.

Умуман олганда, Ўзбекистон ташаббусларини Вашинтондаги расмийлар илиқ кутиб олишаяпти, — дейди “Америка овози” мухбири.

Манбаа: хs.uz