2018-04-12 18:10:00

АЗИМ АҲМЕДХАДЖАЕВ ЖАҲОН БАНКИ ДЕЛЕГАЦИЯСИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

2018 йил 11 апрель куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Азим Аҳмедхаджаев Жаҳон банкининг Транспорт ва рақамли ривожланиш бўйича халқаро амалиёт бўлинмаси директори Франс Дриз-Кросс бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда вазирлик Ахборот хизмати хабар берди.

Учрашувда томонлар ўзаро ҳамкорликда амалга ошириш кўзда тутилган “Digital CASA”лойиҳаси юзасидан фикр алмашдилар. Мазкур лойиҳа мамлакатда рақамли технологиялари инфратузилмасини ривожлантириш, “электрон ҳукумат”тизимларини жорий қилиш ҳамда рақамли иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш каби мақсадларни кўзлайди.

Ўзбекистон томони меҳмонларни юртимизда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш, хусусан телекоммуникация инфратузилмасини мустаҳкамлаш, аҳолига кўрсатилаётган электрон давлат хизматлари кўрсатишни яхшилаш каби йўналишларда амалга оширилаётган ишлар билан таништирдилар.

Марказий ва Жанубий Осиёни ягона рақамли хабга боғлайдиган ва трансчегаравий телекоммуникация тармоғини яратишга қаратилган “Digital CASA”денгизга чиқиш имкони бўлмаган мамлакатларга интернетга тезкор уланиш, шунингдек, мамлакатнинг транзит салоҳиятини оширишига хизмат қилади.

Ўзбекистон томони лойиҳадан кутаётган натижалар хусусида маълум қилиб, Жаҳон банки билан истиқболдаги ҳамкорлик юзасидан таклифларини баён қилди.

“Туркистон-пресс”