2018-04-12 18:13:00

БИР ФАРЗАНДГА — УЧ КИТОБ

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” партияси Термиз шаҳар кенгаши ва шаҳар ахборот-ресурс маркази ҳамкорлигида “Бир фарзандга — уч китоб” мавзуида китоб савдо ярмаркаси ташкил этилди.

Ярмаркада “Сурхондарё китоб олами” китоб савдо дўкони томонидан жаҳон, ўзбек ва болалар адабиётларига доир китоблар кўргазмаси ўтказилди.

Дарҳақиқат, эртанги кунимиз эгалари бўлмиш фарзандларимизнинг маънан соғлом бўлиб камол топишида ахборот ресурс марказларининг, хусусан, маънавий хазина бўлмиш китобларнинг ўрни беқиёсдир.

— Кўргазма иштирокчилари ўқитувчилар билан ҳамкорликда ўз фарзандларини мунтазам равишда кутубхоналарга жалб этишнинг фойдали жиҳатларини алоҳида таъкидлашди,- дейди ЎзМТДП шаҳар кенгаши раиси Нигора Жўраева. — Бу каби хайрли лойиҳалар фарзандларимизнинг дунёдаги энг қимматбаҳо хазина — китоб билан дўстлаштириш билан бирга, нурли истиқболимиз давомчиларининг маънавий камолотини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, китоб маънавият демакдир.  Маънавият эса қалб кўзгуси ҳисобланади.

Шунингдек, кўргазмага бошланғич синф ўқувчиларининг ҳам ташрифи уюштирилиб, улар китоблар оламига саёҳат қилдилар.

ЎзМТДП Сурхондарё вилояти кенгаши матбуот хизматидан маълум қилишларича, лойиҳа иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Боиси, ота-оналарнинг йилда бир маротаба бўлсада фарзандининг дунёқараши, ёши ва қизиқишидан келиб чиққан ҳолда унга китоб олиб бериши замирида уларда китобга бўлган қизиқиш ортиб боради.

 “Туркистон-пресс”