2018-04-12 18:24:00

ЁШ ШАХМАТЧИЛАР МУСОБАҚАСИ

2018 йилнинг 10 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳридаги Шахмат бўйича республика ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабида умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари ўртасида спортнинг шахмат туридан навбатдаги республика чемпионати ўтказилмоқда.

Халқ таълими, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон шахмат федерацияси ҳамкорлигида ўтказилаётган мазкур чемпионатда 7-17 ёшдаги ўқувчилар иштирок этмоқда. Улар шахматнинг блиц, рапид, стандарт йўналишлари бўйича куч беллашмоқдалар.

Чемпионат тўрт босқичда ташкил этилиб, биринчи —мактаб босқичида 881 мингдан зиёд, иккинчи —туман (шаҳар) босқичида 94 мингдан зиёд ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар боcчқичларида 2 мингдан зиёд, жами 1 млн. нафарга яқин ўқувчилар иштирок этдилар.

Мусобақанинг республика босқичида мактаб, туман ва вилоят босқичларида ғолибликни қўлга киритган ҳамда 2017 йилда Жаҳон ва Осиё чемпионати ғолиблари бўлган 215 нафарўқувчиларимиз ўзаро беллашиш учун ташриф буюрганлар.

Эътиборлиси, 2017 йилда ушбу мусобақада ғолиб бўлган ўқувчилар Хитойнинг Паньзинь шаҳрида бўлиб ўтган XIII Осиё чемпионатида жами 18 та медални қўлга киритиб, 23 та давлат вакиллари ўртасида умумжамоа ҳисобида шарафли 2-ўринни эгаллаб қайтган эдилар. Бу йилги чемпионат ғолиблари 2018 йилнинг июль ойида Шри-Ланкада бўлиб ўтадиган XIV Осиё чемпионатига йўлланмани қўлга киритадилар.

“Туркистон-пресс”