2018-04-12 18:27:00

ЎЗБЕК — АФҒОН МУНОСАБАТЛАРИ: СИЁСИЙ ТАРАҚҚИЁТНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИДА

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сурхондарё вилоят кенгаши томонидан яқиндагина пойтахтимизда якунланган “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусидаги халқаро конференциясидан кўзланган мақсад ва вазифаларни ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилишга бағишланган “Ўзбек афғон муносабатлари: сиёсий тараққиётнинг янги босқичида”  мавзуида очиқ мулоқот ташкил этилди.

Тадбирда O‘zLiDeP Сурхондарё вилоят кенгаши аппарат ходимлари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридагиАфғонистон фуқороларини ўқитиш таълим марказининг талаба ёшлари, партия фаоллари ҳамда журналистлар иштирок этди.

—Ўзаро амалий мулоқот руҳида бўлиб ўтган тадбирда тинчлик бўйича Тошкент конференцияси қўшни давлатда барқарорликни таъминлаш учун муҳим қадам бўлгани эътироф этилди. Конференцияда Афғонистонда тинчлик ўрнатиш учун “Толибон” ҳаракати вакиллари ҳам фаол иштирок этиши таклифи берилди. Ана шу таклифнинг ўзиёқ, конференциянинг минтақамиз ҳаёти учун ғоятда муҳим эканини исботлайди, — дейди O‘zLiDeP Сурхондарё вилояти кенгашиёшлар билан ишлаш бўлими мудириЗебинисо Сапарова.

Конференцияда “Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Уммон” ва “Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой” каби бошқа минтақавий лойиҳаларни самарали ташкил этиш каби масалаларнинг муҳокама этилгани Афғонистон иқтисодий тараққиёти учун ҳам ғоят муҳимдир.

—Президентимиз Афғонистондаги низонинг ниҳоятда мураккаблиги, унда турли кучлар иштирок этаётганини ҳисобга олган ҳолда, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюцияларига амал қилиш лозимлигини таъкидлаб ўтди, — дейди  Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридагиАфғонистон фуқороларини ўқитиш таълим маркази директори Ойбек Рўзиев. —Юртбошимизнинг ушбу фикрига кўплаб халқаро экспертлар эътибор қаратди. Чунки,Президентимиз таъкидлаганидек, Афғонистонни қўшни давлатлар билан савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар алоқаларга жалб қилиш вазиятни мақбуллаштириш ҳамда мамлакатни тинч ҳаётга қайтариш жараёнига салмоқли ҳисса бўлади. Бу борада Ўзбекистон бошқаларга намуна кўрсатмоқда. Хусусан, қўшни давлатга электр энергия етказиб бериш, темир йўл қуриш, янги иш ўринлари яратиш ва мамлакатнинг транзит салоҳиятини оширишга яқиндан ёрдам бериб келинмоқда.  

Тадбир давомида партия ходимлари ва Афғонистон фуқороларини ўқитиш таълим маркази талабаларининг фикр-мулоҳазалари тингланди.

 

“Туркистон-пресс”