2018-04-12 18:29:00

АСЛАНИДУ БОСҚОН УЛОҚТИРИШ БЎЙИЧА ЎЗБЕКИСТОН РЕКОРДИНИ ЯНГИЛАДИ

Чирчиқ шаҳрида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия университетининг Енгил атлетика кафедраси профессори Р.Қудратов хотирасига бағишланган мусобақа старт олди.

Турнирнинг биринчи кунида аёллар ўртасида босқон улоқтириш баҳсларида Ўзбекистоннинг янги рекорди қайд этилди. Анастасия Асланиду турнирда 61,61 метр натижа кўрсатди ва мамлакат рекордини янгилади.

Бунгача босқон улоқтириш бўйича аёллар ўртасидаги энг яхши натижа Ольга Жоголева (2005 йил — 57,02 метр)га тегишли эди. 

Ядро улоқтириш баҳсларида эса 15,11 метрлик натижа қайд этган Светлана Прошкина ғолибликни қўлга киритди. У ушбу кўрсаткич орқали “Спорт устаси” талабларини бажарди.

Эркаклар ўртасидаги баҳсларда эса ядрони 18,61 метрга улоқтирган Сергей Дементьев тенгсиз бўлди. Иккинчи ва учинчи ўринлар мос равишда Григорий Камуля (17,35 метр) ва Артём Давлетов (17,01 метр)га насиб қилди.

100 метрга югуриш бўйича ўтказилган баҳсларда Сабина Шириева 12,07 сония натижа билан мусобақа ғолиблигини қўлга киритди. Эркаклар ўртасида эса Жалолиддин Ҳамроқулов (10,85 сония)га тенг келадиган рақиб топилмади. 

Узунликка сакраш бўйича аёллар ўртасидаги беллашувларда Роксана Худоярова (5,89 метр) ғалаба қозонди.

“Туркистон-пресс”