2018-04-12 18:31:00

УМИД АҲМАДЖОНОВ ТОЖИКИСТОН ФФ ПРЕЗИДЕНТИ РУСТАМ ЭМОМАЛИ БИЛАН УЧРАШДИ

2018 йил 10 апрель куни Ўзбекистон МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов Тожикистон МОҚ биринчи вице-президенти Абдуллозода Аҳтам Рустам таклифига биноан Душанбеда бўлиб, ҳар икки ташкилотнинг ўзаро манфаатли ҳамкорлиги борасида келишувга эришганди.

Бугун эса Аҳмаджонов ЎФА биринчи вице-президенти сифатида Тожикистон Футбол Федерацияси президенти Рустам Эмомали билан учрашди. Бундан кўзланган мақсад  — қўшни республика футболи қитъада ўзининг муносиб ўрнига эга бўлиши учун ўзаро ҳамкорлик қилишдан иборат эди.

Маълумки, Тожикистон миллий терма жамоаси 2019 йил БАА мезбонлик қиладиган Осиё Кубогига йўлланмани қўлга кирита олмади. Шунга қарамай, маҳаллий футбол мухлислари яқин келажакдаги катта ғалабалардан умидвор.

Бу йўлда икки қўшни мамлакат футбол уюшмаларининг ўзаро ҳамкорлиги ҳар икки томон учун ҳам манфаатли бўлиши мумкин. Келишувга кўра, Тожикистон футбол клублари ўзининг ўқув-йиғин машғулотларини олиб бориши учун Ўзбекистонда имкониятлар кенгайтириб берилади. Бир неча йиллардан буён кузатилмаётган клублар ва терма жамоалар миқёсидаги ўзаро ўртоқлик ўйинларини тиклаш устида иш олиб борилади. Бу борада МОҚ ҳамда ЎФА тожикистонлик спортчиларни кутиб олишга доим тайёр туради.

“Туркистон-пресс”