2018-04-16 13:33:00

МУДОФАА ВАЗИРЛИГИ ҲАРБИЙ ЛИБОСЛАРИНИНГ ЯНГИ НАМУНАЛАРИНИ ТАҚДИМ ЭТДИ

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилар учун тантана ва кундалик либосларнинг янги намуналарини тақдим этди, дея хабар қилди вазирлик матбуот хизмати Газета.uzга.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 28 август куни Самарқанд вилоятига сафар қилганида маҳаллий иқлим ва шароитларга мос янги ҳарбий либос яратишни топширган эди.

Давлатимизраҳбари матоларнинг сифати паст экани ва либосларни ишлаб чиқариш технологиялари эскирганини таъкидлаб, «аҳоли, айниқса ёш чақирилувчиларнинг фикрини билиш учун» лойиҳаларни умумхалқ муҳокамасига қўйиш зарурлигини маълум қилган эди.

Мудофаа вазирлиги Моддий-техник таъминот бош бошқармаси маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорликда янги либосларни тайёрлади. Бунда Туркия, Покистон, Россия, Озарбайжон, Хитой, Германия ва Италия ҳарбий хизматчилари либослари намуналари ўрганилди.

Тақдим этилган намуналар «Идеал» ва «Наримтекс» компаниялари томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, мураккаб сертола матоларнинг синов партиясидан фойдаланилган ҳолда «Апитекст» компанияси томонидан тайёрланган. Бўяш ишлари «Смарт-Текс» компанияси томонидан бажарилган.

2018 йил давомида янги намуналар Мудофаа вазирлигининг алоҳида бўлинмаларидан синовдан ўтказилади. Бугунги кунда синов учун иккита либос модели Самарқанд вилоятидаги горнизон ҳарбий қисмга етказилди.

Суратлар: Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги