2018-04-16 13:56:00

ҚИЗИЛТЕПАДА “ОБОД ҚИШЛОҚ” ДАСТУРИ АМАЛДА

Ободлик, фаровонликка интилиш, яратувчанлик ва бунёдкорлик фазилатлари халқимизга  хос хислат. Биргина ҳашар деб аталмиш миллий қадрият,  маҳалла ва гузарларни обод қилиш каби хайрли тадбирлар фикримизнинг  ёрқин намунасидир. 

 Президентимиз  Шавкат Мирзиёев ғояси билан яна бир хайрли ташаббусга қўл урилгани, бунинг самараси ўлароқ, қишлоқларда яшовчи кишиларнинг ҳам ҳаётига янги мазмун кириб келиши, қишлоқларимизнинг кўрки ва тароватида  ўзгача аҳамият касб этмоқда.

Навоий вилоятида ҳам Президентимиз томонидан илгари сурилган ғояга кўра 5 та тумандаги қишлоқларда «Обод қишлоқ» дастури бўйича кенг миқёсида ишлар олиб борилмоқда.

Қизилтепа туманидаги  “Маликобод” қишлоғи 1980 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирда 3 минг 124 нафар аҳоли яшаб келмоқда. Бугунги кунга қадар маҳалла аҳли ичимлик сувини ташиб келтириб,  махсус ҳовузларда сақлаб, истеъмол қилар эди. “Обод қишлоқ” дастури орқали  аҳолининг азалий орзуси амалга ошиб, қишлоққа ичимлик суви тармоғи тортилмоқда.

Шунингдек, дастур доирасида амалга ошириладиган ишлар режасига кўра, 5 км умумфойдаланишдаги автомобиль йўлларини таъмирлаш, 23 км коллекторларни тозалаш, 3 та автобус бекати қурилиши, 10 км ички хўжалик йўлларининг асфальт қопламаси алмаштирилиши бўйича қизғин ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан қишлоқда 10,6 км газ қувури, 7 км электр  тармоғи янгиланиши  кутилмоқда.

Эътиборлиси, маликободликлар ушбу хайрли ташаббусдан жуда хурсанд ҳолда ҳашар ишларида қурувчилар билан камарбаста меҳнат қилишмоқда.

Шуҳрат  НОРМУРОДОВ,

“Туркистон-пресс”