2018-04-16 13:59:00

ИННОВАЦИОН ҒОЯЛАРИМИЗ — ВАТАНИМИЗ РАВНАҚИ УЧУН

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент шаҳар ва “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси кенгаши ташаббуси билан Ўзбекистон Ногиронлар жамияти “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси бўлимининг “Биз бўлмасак, ким?” кўнгилли ёшлар гуруҳи ҳамкорлигида имконияти чекланган талаба ёшлар ўртасида “Инновацион ғояларимиз — Ватанимиз равнақи учун” шиори остида лойиҳалар кўрик-танлови ўтказилди.

Мазкур танловдан кўзланган мақсад, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 декабрь куни имзолаган “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида қабул қилинган Дастур ижросини таъминлаш, Ўзбекистон ХДП Сайловолди дастурида белгиланган ногиронлиги бор шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, айниқса, ногиронлиги бўлган ёшларнинг орзу умидларини, интилишларини руёбга чиқариш ва ҳар томонлама кўмак беришни ўз олдига мақсад қилган.

Шу маънода, мазкур кўрик-танловда эксперт сифатида иштирок этган партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси ва Тошкент шаҳар кенгаши раиси ҳамда “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси ҳокими, бир қатор олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари томонидан бугунги кунда мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларга яратиб берилаётган имкониятлар, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётшган чора-тадбирлар хусусида сўз юритилди.

Шу билан бирга мазкур йўналишда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг олиб бораётган амалий ишлари алоҳида эътироф этилди. Жумладан мазкур танловни ташкил этишдаги ташаббуси ҳам юксак баҳоланди.

Танловнинг якуний натижаларига кўра, Ўзбекистон Миллий университетининг Ижтимоий фанлар факультети фалсафа мутхассислиги 1-курс магистранти Улуғбек Мансуровнинг талабаларнинг тўғри овқатланишларини ва бу билан уларнинг саломатлигини назорат қилувчи “Сайёр дастурхон” инновацион хизмати лойиҳаси биринчи ўринга лойиқ кўрилди. Иккинчи ва учинчи ўринларни эса мос равишда Содиқжон Бабаджанов ва Муниса Ўринова эгаллашди.  

Танлов якунида ғолиблар ва барча иштирокчилар Ўзбекистон ХДП “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси кенгаши ҳамда ҳамкор ташкилотларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.

“Туркистон-пресс”