2018-04-16 14:05:00

БОДРИНГНИНГ ЭНГ ЗЎРИ БУЛОҚБОШИДА ЕТИШТИРИЛМОҚДА

Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳудудий ташкилотлари томонидан оилавий тадбиркорллик, томорқа хўжалигини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, кенг тарғибот ишлари амалга оширилмоқда.

Булоқбоши туманида янги кичик бизнес субъектларининг ташкил этилаётгани, уларнинг фаолияти кенгайиб, қўшимча иш ўринлари яратилаётгани ҳам ана шу эътиборнинг натижасидир. Бу борада булоқбошилик тадбиркор, “Адолат” СДП аъзоси  Абдуҳаким Тўланов томонидан  “Юксалиш” маҳалласида амалдаги йилда йўлга қўйилган истиқболли лойиҳани алоҳида эътироф этиш ўринли.

А.Тўланов раҳбарлигидаги олдин қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва мебелъ тайёрлаш билан шуғулланган “Нектор агро” масъулияти чекланган жамияти жамоаси аъзолари амалдаги йилда иссиқхона ташкил этиб, сабзавот маҳсулотлари етиштиришни ҳам йўлга қўйишди. Туман ҳокимлиги уларнинг бу ташаббусини қўллаб-қувватлаб, “Юксалиш” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ер ажратиб берди.

Йил бошида 1.35 гектар майдонда замонавий иссиқхона қурилиши бошланди. Корхонанинг ўз маблағидан ташқари 350 минг АҚШ доллари миқдорида инвестицияжалб этилди. Иссиқхона битгач Хитой технологияси асосида икки навдаги бодринг уруғлари экиб, парваришланди.

Ҳозирда бу ерда барча ишлар автоматлаштирилган. Бу эса ортиқча харажатнинг олдини олиш билан бирга кўп ишчи кучи талаб қилмайди. Агротехник тадбирлар режа асосида мутахассис назорати остида бажарилмоқда.

Айни кунларда булоқбошилик соҳибкорлар етиштирган бодринглар халқимиз дастурхонига тортиқ қилинмоқда. Эндиликда 200 тонна мева ва сабзавот маҳсулотларини сақлаш қувватига эга бўлган музлаткич қуриш ишлари ҳам бошланди. Бу айни вақтда экспортни амалга оширишга ҳам йўл очади.

“Туркистон-пресс”